Карвахаль: «Лопетеги – мен фаолиятим давомида учратган энг яхши мураббий»
Nov. 6, 2018, 10:30 a.m. 3077

«Реал» ҳимоячиси Дани Карвахаль жамоанинг собиқ бош мураббийи Хулен Лопетеги ҳақида гапирар экан, уни фаолияти давомида ўзи бирга ишлаган энг яхши мураббий эканини таъкидлади.

«Лопетеги – мен қўл остида ўйнаган мураббийлар ичида энг яхшиси», - деб айтган Карвахаль Испаниянинг RTVE телеканалига берган интервьюсида.

«Бахтга қарши, жамоамизда унга бирозгина омад етишмади. Унинг футболга оид қарашлари, жамоани бошқариш услуби ва ўйинчилар билан муносабатлари ва шу каби масалаларда у билан ҳамфикр эдим», - дея фикр билдирган ҳимоячи.

Маълумот учун, Лопетеги ва Карвахалнинг устоз ва шогирд сифатидаги муносабатлари мураббийнинг «Реал»даги уч ойлик фаолияти билан чекланиб қолмаган. Дани ёшлигида бирмунча вақт Лопетегининг қўл остида шуғулланган, кейинчалик улар 2 йил давомида Испания терма жамоасида бирга ишлашган.

Қўшимча қилиш ўринлики, 26 ёшли Карвахаль 2013 йилдан буён «Реал» шарафини ҳимоя қилиб келади. Ўтган давр мобайнида «қироллик клуби»да Лопетегидан ташқари Карло Анчелотти, Рафаэль Бенитес ва Зинедин Зидан бош мураббий сифатида фаолият юритди. Эндиликда жамоага Сантьяго Солари вақтинча устозлик қилмоқда.