Икарди ва Мессининг муносабатлари қандайлиги айтилди
Nov. 6, 2018, 8:31 p.m. 10449

«Интер» ҳужумчиси Мауро Икардининг хотини ва агенти Ванда Нара эрининг «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси билан муносабатлари ёмонлигини инкор қилди.

Эслатиб ўтамиз, Икарди 2008-2011 йилларда каталонияликларнинг ёшлар жамоасида ўйнаган эди.

Аввалроқ, айнан Месси футболчи билан зиддиятга борганидан сўнг, унинг Аргентина терма жамоасига чақирилишига қаршилик қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
 
«Улар биргаликда катта бўлган, бир клубда ўйнаган. Мауро Месси билан бирга тўп тепгани ҳақида ажойиб хотираларга эга. Улар бугун ҳам дўстлик ришталарини узмаган. Барселонага борганимизда, фурсатдан фойдаланиб, эски дўстларни зиёрат қиламиз», — деб Нара сўзларини келтирмоқда Marca.

Бугун, 6 ноябрь куни тунда Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи доирасида «Интер» - «Барселона» ўйини ўтказилади. Икарди мезбонларнинг асосий таркибида тушиши мумкин, Месси жароҳати туфайли баҳсда иштирок этолмайди.