Альбанинг уйини ўғри уриб кетди
Nov. 6, 2018, 7:21 p.m. 4580

6 ноябрь куни матбуотда «Барселона» ҳимоячиси Жорди Альбага дахлдор иккита янгилик пайдо бўлди.

Испаниянинг Sport нашрига кўра, клуб у билан шартномани узайтиришни истамоқда. Ушбу ташаббус бевосита бош мураббий Эрнесто Вальвердедан чиққани айтилмоқда. Альбанинг амалдаги битими муддати 2020 йил ёзида ниҳоясига етади.

Иккинчи хабар мамлакатнинг бошқа бир нашри – El Pais`га тегишли бўлиб, нашрнинг ёзишича, кеча Жордининг хонадонига ўғри тушган.

Хабарда айтилишича, душанба куни кечаси соат 20:00 га яқин Каталония полициясига ўғрилик ҳақида қўнғироқ бўлган. Дастлабки тахминларга кўра, ўғрилар ҳовлига боғ орқали киришган. Улар уйнинг боғ томонга қараган деразаси пластик пардасини синдириб, иккинчи қаватдаги хоналарга чиқишган, сўнг сейвни бузиб очишган, шошилинчда тартибсизлик билан тортма ва шкафларни титишган.

Бу вақтда оила аъзолари пастки қаватда бўлган, улар ҳеч нарсани сезишмаганини айтишмоқда. Хордининг ўзи Миланда эди. У бугун жамоа таркибида «Интер»га қарши ўйинда майдон тушиши мумкин.

Полиция ҳозирча ўғриларнинг неча киши бўлганини аниқлашга эришмаган.

Барселона шаҳрининг Ла Бонанова мавзесида жойлашган турар-жой қўриқчилари ҳеч нарсани кўрмаган, улар фақатгина тўхтаб турган автомашина катта тезлик билан юра бошлаганидан шубҳага тушганини айтишган.

Ҳозирга қадар ўғирланган моддий буюмлар ёки уларнинг қиймати ҳақида маълумотлар йўқ.