«Монако»нинг россиялик хўжайини клубга қаллоблик йўли билан инвестиция киритган – Football Leaks
Nov. 5, 2018, 2:57 p.m. 1988

«Монако» хўжайини Дмитрий Риболовлев молиявий фэйр-плей қоидаларини айланиб ўтиш учун клубга ноқонуний йўл билан маблағ киритган, деб маълум қилди Football Leaks.

Суриштирувнинг аниқлашича, 51 ёшли россиялик миллиардернинг ушбу схемани қўллашига AIM Sport AG маркетинг агентлиги кўмак берган. Хусусан, агентлик директори Бернард де Роос ўртадаги ҳомийлик келишуви ортидан «Монако» 10 йил давомида 140 миллион евродан (жами 1,4 млрд евро) олишини ваъда қилган. Бунда Ҳонгконг ва Виржиния оролларидаги офшорлардан фойдаланилгани айтилмоқда.

Риболовлев ушбу схема орқали клубга пул йўналтириши мумкин бўлган. Де Роос билан келишув УЕФАдан сир сақланган.

Қўшимча қилинишича, УЕФА ушбу ҳомийлик шартномасидан гумон қилган, аммо якунда салбий жиҳатларни аниқлай олмаган эди.