Месси қайсарлик билан «Интер»га қарши ўйин заявкасига киритилишига эришган
Nov. 5, 2018, 5:03 p.m. 5762

Кеча «Барселона» Чемпионлар лигаси доирасидаги «Интер»га қарши сафар ўйини учун заявка қилинган футболчилар рўйхатини тақдим этган эди. Унда жамоанинг сўнгги 4 ўйинни ўтказиб юборган Лионель Месси ҳам бор.

Испаниянинг Sport нашри хабарига кўра, «Интер»га қарши ўйинда қатнашиш ташаббуси «Барса» сардорининг ўзидан чиққан. Мураббийлар штаби унинг бу ниятига қарши чиққан, аммо аргентиналик уларга қулоқ солмай, ўзини рўйхатга қўшишларини талаб қилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 октябрь куни Испания чемпионати доирасида «Севилья»га қарши ўйинда Месси қўлини синдириб олганди. Дастлаб аргентиналик футболчи 3 ҳафтага сафдан чиққани, у жамоасининг 6 ўйинида ёрдам бера олмаслиги айтилганди. Аммо Месси кутилганидан тезроқ тикланишга эришгани айтилмоқда.

«Интер» ва «Барселона» ўртасидаги жавоб учрашуви 6 ноябрь куни Миланда ўтказилади.