Андрей Фёдоров: «Бундай ўйинлар мухлислар учун яхши, мураббийлар учун унчалик эмас»
Nov. 5, 2018, 9:29 p.m. 1014

Ўзбекистон Суперлигасининг 29-тури доирасидан ўрин олган «Бунёдкор»-«Локомотив» (2:2) ўйинидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида «темирйўлчилар» бош мураббийи Андрей Фёдоров ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:

— Бугун «Бунёдкор» билан жорий мавсумдаги тўртинчи ўйинни ўтказдик ва кутилганидек, ушбу ўйин ҳам мухлисларни хурсанд қиладиган томошабоп бўлди. Таассуфки ўйинларнинг барчаси биз мураббийлар — мен ва Миржалол Қосимов учун қийин бўлди. Чунки ўйинларимиз одатда арғумчоқдек кўриниш ҳосил қилади: ҳар икки жамоа олдида хавфли вазиятлар кўплаб содир бўлади. Мен яна бир карра такрорлайман: бундай ўйинлар мухлислар учун яхши, мураббийлар учун унчалик эмас. Бундай ўйинлардан сўнг мулоҳаза қилиш учун кўп мавзу пайдо бўлади.

Бугунги ўйинга тайёрлаган режамизни қисман амалга оширдик, биринчи бўлим бошларидаги Ш.Муҳаммадиевни алмаштиришга мажбур бўлганимиз, сўнгра С.Абдуллаевнинг майдондан олиниши режаларимизни ўзгартиришга мажбур қилди. Лекин тан олиш керак, биз ёмон ўйин кўрсатмадик, гол урдик, 2:1 ҳисобида ютқазаётган чоғимизда ҳам ўйинни ғалаба билан якунлашга ҳаракат қилдик. Йигитларга улкан ташаккур изҳор қилмоқчиман, улар 2:1 ҳисобидан сўнг умидсизликка тушмасдан ҳисобни тенглаштирувчи голни уришди.

Бизнинг жамоамиз табиати шундай, биз доимо ғалаба қозонишни истаймиз, 90 дақиқанинг охиригача тер тўкамиз. Албатта, бугунги натижадан хурсандман. Гарчи такрор бўлса ҳам яна таъкидлайман: бугунги ўйинни ютишимиз ҳам, ютқазишимиз ҳам мумкин эди.

— Сардор Рашидовнинг аҳволи ҳақида батафсил маълумот бера оласизми? У узоқ вақтдан буён майдонга тушмаяпти...

— Унинг эски жароҳати асоратлари қайталаб қолган. У умумий гуруҳ машғулотларига қайтган эди ҳам. Машғулотлардан бирида у яна жароҳатини кучайтириб олди. Биз унинг майдонга тезроқ қайтаришни истагандик. Ўзининг ҳам, тиббиёт вакилларининг ҳам хулосасига кўра вазият ўнгланиб бўлгандек эди. Бироқ умумий гуруҳдаги машғулотларда жароҳат яна бўй кўрсатди. Энди унга тикланиш учун яна бироз вақт керак бўлади. Унинг жароҳатлари бита бошласа, сўнгги икки тургача 100 фоизлик тайёргарлик билан майдонга қайтиши мумкин.