«Спартак» антирекорд ўрнатди
Nov. 4, 2018, 11:51 p.m. 4236

Россия Премьер-Лигасининг 13-турида «Спартак» «Урал»ни қабул қилди. Москвадаги «Открытие Арена» стадионида кечган учрашувда меҳмонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Ўйинда ҳисоб «Урал»нинг болгариялик яримҳимоячиси Николай Димитровнинг чиройли зарбаси орқали очилди. Иккинчи бўлимда Луис Адриано ҳисобни тенглаштирганди, аммо кўп ўтмай меҳмонлар жамоаси ҳужумчиси Андрей Панюков ғалаба голини урди.

Шу тариқа, «Спартак» РПЛдаги ғалабасиз сериясини 3 ўйинга етказди (бир дуранг, икки мағлубият), «Урал» эса 3 учрашув давом этган ғалабасиз сериясига якун ясади (икки дуранг, бир мағлубият).

Қолаверса, бу клуб ўз тарихида илк марта қаторасига 4 учрашувда мағлуб бўлишидир. Бунгача жамоани Москвада «Арсенал» (2:3), «Ростов» (0:1) ва «Ахмат» (1:2) жамоалари енгиб қайтишганди. Москваликлар охирги 8 учрашувда атиги бир марта ғалаба қозонган.

Қониқарсиз натижалардан кейин раҳбарият бош мураббий Массимо Каррерани ишдан бўшатган ва унинг ўрнини Рауль Рианчо эгаллаган.

Эндиликда «Спартак» 19 очко билан Россия Премьер-Лигаси турнир жадвалида 6-ўринда, «Урал» 16 очко билан 8-ўринда жойлашган.

Кейинги турда 11 ноябрь куни қизил-оқлар жамоаси «Уфа» меҳмони бўлишади.

Россия чемпионати
13-тур
Спартак – Урал 1:2
(0:1, 1:1)
Голлар: 0:1 – 29 Димитров, 1:1 – 74 Луис Адриано, 1:2 – 76 Панюков.
Спартак – Максименко, Джикия, Кутепов, Боккетти, Комбаров, Попов (Мельгарехо, 80), Игнатов (Еременко, 55), Ташаев (Ханни, 55), Зобнин, Петкович, Луис Адриано.
Урал – Годзюр, Ароян, Меркулов, Кулаков, Балажиц, Димитров, Бавин, Бумаль, Эль-Кабир (Араторе, 90), Ильин, Панюков (Брызгалов, 85).
Огоҳлантиришлар: Ароян (17), Кутепов (28), Панюков (38), Джикия (38), Кулаков (45), Бавин (47), Эль-Кабир (90).