Ғофур Раҳимов: «Ҳозир AIBA'да эксперимент ўтказиб, таваккалга борадиган вақт эмас»
Nov. 3, 2018, 6:26 p.m. 1386

Бир неча дақиқалардан сўнг Москвада AIBA Конгрессининг энг муҳим лаҳзалари – ташкилот раҳбарлигига сайлов жараёни бошланади.

Кун тартибига мувофиқ, овоз бериш жараёни бошланиши олдидан номзодлар минбарда нутқ сўзлади. Анжуманни бевосита кузатиб бораётган Kun.uz мухбири AIBA президентлигига номзод ўзбекистонлик Ғофур Раҳимовнинг сўзларини келтириб ўтди.

«Шу йил бошида бўлиб ўтган Конгресс мажлисидан буён вақтинчалик президент вазифасини бажариб келганим мен учун улкан шараф бўлди. Мен бундан фахрланаман ва билдирган ишончингизни юксак қадрлайман.

Ҳозир ҳам келгуси 4 йил давомида президент этиб сайланишим учун қўллаб-қувватлашингиз ва ишонч билдиришингизга умид қиламан. Бугун олдингизда танлов имконияти мавжуд. Бу боксни ривожлантириш борасида фақат ва фақат сиз қарор қабул қила олишингизни билдиради. Биз дуч келган жиддий молиявий танглик ҳолатини бартараф этиш учун кейинги етакчи ким бўлишини сиз белгилаб берасиз. Сўнгги ойлар давомида эришган ижобий натижаларимизда бардавом бўлишимиз учун энг яхши лидер ким эканини ҳал қилиш сизнинг зиммангизда.

Кўплаб аргументларни тингладингиз. Аммо мен сиз учун устуворлик касб этиши керак бўлган ғояни келтираман: бокснинг олимпия ўйинларидаги келажаги ва AIBA`нинг ўз келгуси тақдири.

Бокснинг олимпия ўйинларидаги ўрнига келсак, менга қуйидагича баёнот беришга изн берсангиз: шубҳасиз, бокс Токио Олимпиадаси дастуридан ўрин олади. Шу билан бирга, Париж ва Лос-Анжелесдаги олимпия ўйинлари таркибида ҳам бўлади. Ушбу мусобақаларда бокс олимпия таснифидаги бошқа ҳар қандай спорт турлари билан тенг мавқеда бўлади. Ва бунинг сизлар амалга оширадиган AIBA президенти танлови билан ҳеч қандай боғлиқлик жойи йўқ. Агар мабодо AIBA ва ХОҚ ўртасида ташкилотимиз раҳбарияти масаласида, хусусан мен билан боғлиқ вақтинчалик муаммолар келиб чиқса, биз буни қандай ҳал этишни биламиз. Бокс ва Олимпиада бир-бирига чамбарчас боғлиқ.

Иккинчи масала – AIBAнинг келажаги ҳақиқатан ҳам анча мураккаб. Чунки ўтган бир неча йиллар давомида нотўғри йўлга қўйилган бошқарув тизими оқибатларини ҳамон бартараф этишга мажбур бўлмоқдамиз. Барчамиз сўнгги ойлар давомида ассоциациямиз ва спортнинг бу турини сақлаб қолиш учун Ижроия Қўмитаси ва янги директоримиз билан биргаликда кеча-ю кундуз меҳнат қилдик. Ва биз буни уддалай олганимизни таъкидлашдан мамнунман ва бундан фахрланаман.

Барча кредиторлар билан келишувга эришдик ва ишончга асосланган муносабатлар ўрнатдик. Янги тижорий ҳамкорлар билан иш бошладик, тез орада янги ҳомий ҳам топамиз. Биз Швейцариядаги штаб-квартирамизда профессионал бошқарув тизимини барпо этдик.

Қадрли дўстлар! Ҳали олдимизда қилиниши керак бўлган кўплаб ишлар бор. Вазият бошқарувда, айниқса молиявий менежментда ҳамон ўта эҳтиёткор бўлишни тақозо этмоқда.

Вазиятни тўла-тўкис очиқ ифодалашга изн бергайсиз: ҳозир эксперимент ўтказадиган вақт эмас, ҳозир таваккалга асосланган ғояларнинг пайти эмас. Аксинча, айни дам AIBA`да жиддий ва тажрибали раҳбарият бўлишини таъминлашнинг айни вақти. Мен олдиндаги тўрт йил мобайнида сизлар учун AIBA президенти сифатида ишлашни истайман. Чунки бу қўлимдан келишига юз фоиз ишончим комил.

Ҳурматли дўстлар! Шу йилнинг январида сизлар вақтинчалик президент бўлишимга ишонч билдирган эдингиз. Мен бу масъулиятни қабул қилдим ва ҳар куни федерациямизни сақлаб қолиш ва унинг Олимпиададаги келажаги учун астойдил меҳнат қилдим. Биз катта муаммоларга дуч келган эдик ва буни бартараф этиш учун жиддий ҳаракатлар режаси зарур эди. Қаршингизда туриб, биз AIBA`ни қутқатиш учун барча ишни амалга оширганимизни таъкидлашдан фахрланаман.

Бугун барчамиз биргаликда AIBA`ни олимпия оиласида сақлаб қоламиз. Мен буни амалга ошира олишимизга кафолат бераман. Чунки ҳаммамиз чин юракдан ишлаб, қандай курашиш лозимлигини биламиз ва курашамиз ҳам. Катта раҳмат», - деди Ғофур Раҳимов сайлов жараёни олдидан.

Аввалроқ Раҳимов овоз бериш жараёнини махсус техник қурилмалар ёрдамида эмас, балки қоғоз бланкаларда ўтказиш таклифини билдиргани хабар қилинган эди. Мухбиримизнинг маълум қилишича, ўзбекистонлик номзоднинг бу таклифи маъқулланган.