Месси пул ювишда айбланмоқда. Унга қарши жиноий иш очилиши мумкин
Nov. 3, 2018, 2:56 p.m. 9116

Аргентиналик прокурор Пабло Турано Лионель Мессини пул ювиш жиноятида айблади. Бу ҳақда Todo Noticias телеканали хабар берди.

Терговчилар «Лео Месси» хайрия фонди фаолиятини текширишни сўрашмоқда. Уларнинг фикрича ушбу ташкилот пул ювиш воситаси сифатида очилган бўлиши мумкин: фондга ажратилган хайрия маблағлари офшор зоналарга йўллангани тахмин қилинмоқда.

Турано Месси хайрия фондининг собиқ ходимлари билан гаплашганидан кейин айблаб чиқди. Собиқ ходимнинг айтишича, ташкилотга ўтказилган пуллар ижтимоий лойиҳалар учун сарфланмаган.

Энди судья  Густаво Мейрович текширув учун асос бор-йўқлиги бўйича қарор қабул қилиши керак бўлади.

2017 йилнинг июнида Месси билан боғлиқ бир суд иши ёпилганди. У 4,1 миллион евро миқдоридаги солиқни тўламасликда айбланганди. Футболчи 21 ойлик қамоққа ҳукм қилинганди, аммо прокурор бу жазони 250 минг евро миқдоридаги жаримага алмаштиришга розилик берганди.

Месси 5 карра «Олтин тўп» соҳиби ҳисобланади. У «Барселона» билан 8 бор Испания чемпиони бўлган, 5 марта Испания Кубогини қўлга киритган ва 4 марта Чемпионлар лигаси Кубогини боши узра кўтарган.