Ибраҳимович собиқ клуби билан музокара ўтказмоқда
Nov. 3, 2018, 4:17 p.m. 6632

«Милан» «Лос-Анжелес Гэлакси» ҳужумчиси Златан Ибраҳимович билан музокаралар ўтказмоқда, деб хабар тарқатди La Gazzetta dello Sport.

Нашрнинг аниқлашича, «россонери» ва швециялик футболчи ўртасидаги муҳокамалар анча муваффақиятли тарзда силжимоқда. Ягона муаммо шундаки, миланликлар ўйинчига у сўраган миқдорда маош беришига молиявий фэйр-плей қоидалари имкон бермаяпти.

Златан ҳозирги клубида йилига 1,5 млн евро маош олади, аммо бонуслар ва мукофотларни ҳам қўшганда бу миқдор 4 миллионга етади.

Эслатиб ўтамиз, 37 ёшли футболчининг клуби - «Лос-Анжелес Гэлакси» MLS жорий мавсумини ўз минтақасида 7-ўринда якунлаб, кубок учун кураш йўлланмасини қўлга кирита олмади. Натижада октябрь охирига келиб Ибраҳимович учун мавсум якунланди.

Ибраҳимович 2010-2012 йиллар давомида «Милан» аъзоси бўлган, ушбу клуб либосида 85 ўйинда майдонга тушиб , 56 та гол муаллифи бўлган.