«Бундай режалардан хабаримиз йўқ». «Бавария» баёнот билан чиқди
Nov. 3, 2018, 10:40 a.m. 2111

«Бавария» бошқаруви раиси Карл-Хайнц Румменигге клубнинг Бундеслигани тарк этиши нияти борлигини инкор этиб, Европанинг энг қудратли футбол клублари ўртасида Суперлига ташкил этилиши эҳтимолидан хабардор эмаслигини билдирди.

«Токи мен бошқарув кенгаши раиси эканман, «Бавария» Бундеслига аъзоси бўлиб қолади ва УЕФА ҳамда ЕКА (Европа Клублар Ассоциацияси - Tribuna) ҳамкорлигида ташкил этиладиган клублар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этишда давом этади», - деб айтган Руменигге.

Клуб расмий баёнотида айтилишича, «Der Spiegel хабар қилган Суперлига номли мусобақага асос солиниши борасида «Бавария»да ҳеч қандай маълумот йўқ».

«Биз бундай музокараларда иштирок этмаганмиз, Der Spiegel келтирган ҳужжатда нега клуб номи қайд этилганидан ҳам хабардор эмасмиз», - дейилади Мюнхен клуби расмий сайтида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Football Leaks`нинг журналистик суриштируви натижалари эълон қилинган, унга кўра «Бавария» ва қитъанинг яна 10 та клуби Европа Суперлигасини яратиш ғояси устида иш олиб боргани маълум қилиганди.