Усэйн Болт ва Австралия футбол клуби ўзаро келишолмади
Nov. 2, 2018, 10:03 p.m. 2215

Футбол бўйича Австралия чемпионати олий дивизиони клуби “Сентрал Кост Мэринерс” ва енгил атлетика бўйича 8 карра Олимпия чемпиони, афсонавий Усэйн Болт шартнома бўйича келиша олмади. Шу сабабли Болт жамоани тарк этди. 

Спринтерлик фаолиятини тугатгандан кейин ўзини футболда синаб кўрмоқчи бўлган Болт август бошида клуб билан шартнома имзолаганди. Унга кўра, Болт профессионал шартнома тузиш имконияти берилган ҳолда жамоа билан машқ қила бошлаган.

Ямайкалик шу вақт ичида клуб сафида иккита ўртоқлик учрашувида иштирок этиб, улардан бирида 2 та гол уришга муваффақ бўлган. 

Томонларнинг келиша олмаганига Болтга таклиф қилинган маош сабаб бўлган. ОАВнинг маълум қилишича,  клуб Болтга йилига 150 минг доллар таклиф қилган, ямайкалик эса 3 млн долларлик маош олишни истаган.

Клубнинг расмий баёнотида узоқ давом этган музокаралардан кейин Болт клуб таклифини рад этгани айтилган.

“Усэйн Болтга футбол фаолиятини клубимизда давом эттиришга имкон берадиган келишувга келолмаганимизга қарамай, у ўтган 8 ҳафта ичида жамоамизнинг бир қисми бўлганидан хурсандмиз”, деб айтилган клуб баёнотида. 

Ўз навбатида спортчи клубга миннатдорлик билдириб, унга старт олган янги мавсумда муваффақиятлар тилаб қолган.