Кореялик футболчи терма жамоа ўйинларидан умрбод четлатилди
Nov. 1, 2018, 6:15 p.m. 8810

Жанубий Корея футбол ассоциацияси 27 ёшли ҳимоячи Чан Ҳён-Суни терма жамоадан умрбод четлатди, деб хабар беради Футболиум телеграм канали.

Футболчи қаллоблик қилди деб топилган ва қаттиқ жазоланган. 

Чан Ҳён-Су Жанубий Корея терма жамоаси сафида ЖЧ-2018 ва Рио-2016 олимпиадасида иштирок этган. Осиё ўйинлари - 2014да қозонилган ғалабадан сўнг, футболчи 21 ойлик мажбурий ҳарбий хизматни ўташдан озод қилинган. Бироқ, у 2 ойлик ҳарбий тайёргарлик ва 544 соат спорт билан боғлиқ жамоат ишларида иштирок этиши шарт эди.

2017 йил декабрь ойида Чан Ҳён-Су 200 соатлик жамоат ишларида қатнашгани тўғрисида ҳужжат тақдим қилган. Аммо, кейинчалик бу қалбакилаштирилгани маълум бўлган. Мисол учун, футболчи очиқ ҳавода машғулот ўтказган куни қор ёғгани ва машғулот бекор қилингани аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея терма жамоаси икки ҳафтадан сўнг, Ўзбекистон терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказади.