«Боруссия Д» бу мавсумда ҳали ютқазмади, мағлубиятсиз серия 15 ўйинга етди
Nov. 1, 2018, 9:24 a.m. 1535

Дортмунднинг «Боруссия» клуби Германия кубогининг 2-босқичида Берлиннинг «Унион» жамоасига қарши баҳс олиб бориб, қўшимча бўлимлар охирида киритилган гол эвазига ғалаба қозонди.

Жамоани кейинги босқичга олиб чиққан гол муаллифи – 120-дақиқада пенальтини муваффақиятли амалга оширган яримҳимоячи Марко Ройс бўлди.

Шу тариқа, дортмундликлар мавсум бошидан буён давом этиб келаётган мағлубиятсиз сериясини яна бир ўйинга узайтиришга муваффақ бўлди. Жамоа бу мавсум барча мусобақалар доирасида 15 та ўйин ўтказиб, уларнинг 12 тасида ғалаба, 3 тасида дуранг қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Люсьен Фавр шогирдлари Бундеслиганинг 9 туридан сўнг 21 очко билан пешқадам бўлиб турибди.