Липпи Осиё кубогидан сўнг нафақага чиқади
Oct. 31, 2018, 5:10 p.m. 5104

Хитой терма жамоаси бош мураббийи Марчелло Липпи Осиё кубогидан сўнг лавозимидан бўшаш ниятида, деб хабар беради France Football.

Липпи шартномасини узайтирмаслик бўйича якуний қарорга келган. 70 ёшли мутахассис Италияга қайтиб, оиласи билан яшашни истамоқда. У буни аввал ҳам таъкидлаган эди:

«Уйга қайтишни истаяпман. Хитой терма жамоаси билан шартномам 31 январда ниҳоясига етади. Менимча, бу мураббийлик фаолиятимдаги охирги иш бўлиб қолса керак.

Февралда Хитойда кетишим мумкинми? Ҳа», - деган эди Липпи.

Италиялик мутахассис 2012 йилдан буён Хитойда фаолият юритиб келмоқда. У 2016 йил октябрида Хитой термасига бош мураббий этиб тайинланган эди. Ўтган вақт давомида Липпи жамоани 22 ўйинга бошлаб тушиб, 7 тадан ғалаба ва дуранг, 8 та мағлубият қайд этган.

Хитойликлар 2019 йил январида БАА да бошланадиган Осиё кубогида плеф-офф йўлланмаси учун Жанубий Корея, Қирғизистон ва Филиппин термалари билан «C» гуруҳида баҳс олиб боради.

Қўшимча қилиш жоиз, Италия терма жамоасини ЖЧ-2006 да чемпионлик сари етаклаб борган Липпи ҳозирда жаҳоннинг энг кўп маош олувчи мураббийлардан бири саналади. Унинг йиллик маоши 23 млн еврога тенг.

Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрь куни таниқли нидерланд мутахассиси Гус Ҳиддинк Хитой олимпия терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланган эди. 71 ёшли Ҳиддинк Липпи кетгач мамлакат миллий жамоаси устозлигига ўтиши мумкин.