«Реал»да тарих такрорланадими ёхуд Сантьяго Солари учун 15 кун
Oct. 30, 2018, 1:22 p.m. 12897

Икки кун олдин  “Барселона” “Реал” устидан 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва Хулен Лопетегини жарликнинг қирғоғига олиб келиб қўйди. Сўнгги нуқтани эса кеча мадридликлар раҳбарияти мураббийнинг истеъфоси ҳақидаги расмий хабар билан қўйдилар.

Атиги тўрт ой ичида испаниялик мутахассис жуда нуфузли икки ишдан айрилди. Аввалига Испания терма жамоаси ва мана энди “Реал”.

Истеъфо ҳақидаги расмий хабарнинг учинчи хатбошисида клуб мураббийни тўғридан тўғри айблаётганини кўриш мумкин. “Жамоа таркибида тарихда биринчи марта “Олтин тўп” соврини учун номзод бўлган саккиз нафар футболчи тўп сурмоқда. Таркиб сифати ва қайд этилаётган натижа ўртасида жуда катта тафовут бор”, деб ёзилади баёнотда.

“Реал” бош мураббийи вазифасини вақтинча бажарувчи этиб, “Кастилья”ни (“Реал”нинг ўринбосарлар жамоаси) бошқариб турган 42 ёшли аргентиналик мутахассис Сантьяго Солари тайинланди. Ўз вақтида Солари жамоа ярим ҳимоячиси бўлган ва аср бошларида мадридликлар билан биргаликда иккита Испания чемпионлиги ва суперкубогини ютган.

2013 йилда у “Реал” тизимида иш бошлади ва турли ёшдаги болалар жамоаларини бошқариб келди. Аввалига 15-16 ёшлилар, кейин 17-19 ва ниҳоят, 2016 нинг ёзидан бошлаб “Кастилья” бош мураббийи этиб тайинланганди. Икки тўлиқ ва жорий мавсумнинг 10 туридан сўнг Сантьяго Солари карьерасидаги пиллапояларда навбатдаги қадамни қўйди.

Ҳозирги вазият уч йил олдин Рафаель Бенитес ва Зинедин Зидан билан рўй берган ҳолатнинг айнан ўзгинаси. Перес ўшанда илк мавсумини ўтказаётган Бенитесни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига Зиданни тайинлаган. Франциялик мураббий ўша пайтда “Кастилья”ни бошқараётганди. Натижа нима бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз – бу давр “Реал”нинг янги тарихидаги энг сермаҳсул йиллар бўлди: жамоа қаторасига уч бора Европа Чемпионлар лигасини ютди, бир марта Испания чемпионлиги ва яна бир нечта кубокларнинг соҳибига айланди. Хўш, Солари ҳам собиқ жамоадошининг йўлидан бора оладими?

Назарий томондан ҳамма нарса бўлиши мумкин, лекин амалда... Биринчидан, Соларининг келажаги ҳали аниқ эмас. У “Реал”ни вақтинчалик бошқарувчи мақомида фақат икки ҳафта қола олади. Испания Ла Лигаси қоидалари шундай. Клуб мана шу ўн беш кун ичида доимий мураббий борасида бир қарорга келиши шарт. Бу муддатда ё Солари бош мураббий сифатида клуб билан шартнома имзолаши ёки янги бош мураббий исми эълон қилиниши керак.

Асосан Антонио Конте варианти кўпроқ тилга олинмоқда. Аммо баъзи нюанслар борки, италиялик мураббийнинг Мадридга келишдан қайтариши мумкин. “Челси” билан шартнома шартларига кўра, муддат охиригача бормагани учун клуб Контега 10 миллион евро конпенсация тўлаши керак. Лекин бу ерда “Челси” ҳам жуда айёрлик қилмоқда ва шартномани бузмай, мураббийга маош тўлашда давом этмоқда. Тушуниб турганингиздек, агар Конте янги иш топса, бебилиска келиб турган маош ҳам тўхтайди, 10 миллион евро ҳам ҳавода қолиб кетади. Демак, бундай таваккалчиликка бориш учун Конте Мадридда ишлашга жуда қизиқиши ёки ўзига жуда ишониши керак.

Айтишларича, Контенинг талаблари ҳам аниқ. Жамоага марказий ҳужумчи ва марказий ҳимоячи керак. Бу трансферларсиз у “Реал”ни бошқаришга рози бўлмайди. Испан нашрларининг ёзишича, бундай талаблар Переснинг италиялик мураббийга бўлган қизиқишини бироз сўндирган ва вазият янада мавҳумлашган.

Матбуотда аниқ номзодлардан ташқари турли тахминлар ва фантазиялар ҳам тилга олинмоқда; зеро, “Реал”даги бош мураббий ўрни барчанинг эътиборида турган лавозимдир. Масалан,

Романтик вариант: Раул Гонсалес. Юлдузли таркибни яқин ўтмишдаги афсона Раул Гонсалесга топширилиши. 41 ёшли мутахассис уч йиллик танаффусдан сўнг, футболга қайтди ва “Реал” тизимида ёшлар мураббийи сифатида иш бошлади. Раулнинг “Сантьяго Бернабеу” майдони четида пайдо бўлиши жамоага етишмай турган руҳиятни қайтариши мумкин.

Идеал вариант: Арсен Венгер. Флорентино Перес франциялик мураббийнинг ашаддий мухлиси ҳисобланади ва бир пайтлар «галактикос»ни айнан Венгернинг қўлига топширмоқчи ҳам бўлган. Лекин “Арсенал”да ажойиб жамоа тузган Венгер Испанияга келишни истамаганди. Ҳозирда Венгер “Арсенал”дан кетган бўлса-да, футболни бутунлай тарк этмоқчи эмаслигини маълум қилган. Унинг кўпроқ мураббий эмас, бошқарув лавозимларида пайдо бўлиши кутилаётган бўлса-да, агар Перес эски “муҳаббатини” эслаб қолса, қатъият кўрсатиб, мураббийни Мадридга олиб келса, нима дейсиз?

Қизиқ вариант: Фернандо Йерро. Ўз вақтида “Катта капитан” лақаби билан машҳур бўлган афсонавий футболчи. Аслида Раул ёки Гути вариантларига ўхшаш, лекин янада ишончлироқ дейиш мумкин. Чунки Йерронинг бошқарувдаги тажрибаси каттароқ. У 2007-2012 йилларда Испания терма жамоаси спорт директори вазифасини бажарган, 2014 йилдан эса Анчелоттига ёрдамчи сифатида “Реал” мураббийлар штабидан жой олганди. Ёзда Лопетеги кутилмаганда Испания терма жамоасидан истеъфога чиқарилгач, унинг ўрнини Жаҳон чемпионатида айнан Йерро эгаллаганди. Худди шундай рокировка яна бир марта амалга ошиб қолса, ҳақиқатан ҳам жуда қизиқ бўлса керак.

Переснинг хаёлида номзодлар ғужғон ўйнаб тургунча, ўзини исботлаши учун Соларида 4 ўйин бор. Эртага Испания кубоги доирасида “Мелилья”га қарши ўйин бўлиб ўтади. Шунингдек, жамоани Ла Лигадаги икки учрашув (“Вальядолид” ва “Сельта”) ҳамда Чемпионлар лигасида “Виктория” билан ўйнаш учун Плзенга сафар кутиб турибди.   

Қисқа муддатда ва бундай рақиблар билан қандайдир сезиларли ўзгаришни намойиш қилиш қийин. Кўпчилик асосий ўзгариш сифатида Винисиус Жуниорнинг асосий таркибда пайдо бўлишини кутмоқда. Ёзда “Фламенго”дан 45 миллион еврога сотиб олинган 18 ёшли ҳужумчига Лопетеги умуман ишонч билдирмаган. Винисиус эса, “Кастилья”да Солари қўл остида ўзини кўрсатмоқда – беш ўйинда тўрт гол ва бир ассист.

Соларининг услуби ва “Реал” учун қандай мураббий экани ҳақидаги мулоҳазаларни фақат икки ҳафта ўтиб билдириш мумкин. Ҳозирча эса, Перес қиролликдаги ёнғинни ўзига таниш бўлган усул билан вақтинча ўчириб турибди. Иккинчи марта ҳам бу қарор ўзини оқлайдими ёки йўқ, вақт кўрсатади.

ДОСЬЕ
Сантьяго Солари, 1976 йилнинг 7 октябрида Аргентинанинг Росарио шаҳрида туғилган. 
Ўйнаган жамоалари: “Ривер Плейт” (Аргентина), “Атлетико” “Реал” (Испания), “Интер” (Италия), Сан Лоренцо (Аргентина), “Атланте” (Мексика), “Паньярол” (Уругвай).
“Реал” таркибида 2000-2005 йилларда 131 ўйинда майдонга тушиб, 10 гол муаллифи бўлган.
Аргентина терма жамоаси сафида 11 ўйинда майдонга тушган.
Ютуқлари: Либертадорес кубоги (1996), Аргентина чемпиони (1997, 1998), Испания чемпиони (2001, 2003), Чемпионлар лигаси ғолиби (2002), Қитъалараро кубок (2002), УЕФА Суперкубоги (2003), Италия чемпиони (2006, 2007, 2008), Италия кубоги ( 2006).

Қ. Асланов тайёрлади.