Кокорин ва Мамаев Россия маҳбуслар терма жамоасида ўйнаши мумкин
Oct. 30, 2018, 8:25 a.m. 2955

8 декабрга қадар ҳибсга ҳукм қилинган «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин ва «Краснодар» яримҳимоячиси Павел Мамаев Россия маҳбуслар терма жамоасида тўп суриши мумкин. Бу ҳақда Москва Жамоатчилик кузатуви комиссияси масъул котиби Иван Мельников маълум қилган.

«Футболчилар маҳбуслардан тузилган Россия терма жамоасида ўйнашлари мумкин. Жазони ижро этиш федерал хизмати бошқармаси (УФСИН) доимий равишда ҳибсхоналар ва изоляторлар ўртасида ўйинлар ўтказиб туради. Бундай шахслар иштирокидаги баҳслар аниқ аншлагни келтириб чиқаради», - деб айтиб ўтган Мельников.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий кузатувчи аввалроқ Кокорин ва Мамаевнинг ҳибсдаги шароити ҳақида маълум қилганди.

«Изоляторда уларга алоҳида шароит яратиб берилмайди. Улар ҳар доим кузатув остида бўлишади. Телевизор ва музлатгич кўплаб камераларда аввалдан бор, бу янгилик эмас. Аммо, уларга шароити зўр бўлган алоҳида вип-камера ташкил қилинмайди.

Изолятордаги шароит қамоқхонаникидан оғирроқ. Унда қаттиқ режим ҳукм суради. Шунинг учун ҳам, изоляторда ўтказилган ҳар бир кун қамоқхонадаги 1,5 кунга тенглаштирилади. 

Изоляторда ҳаракат чекланган, қамоқхонада фуқаролар меҳнат қилиши мумкин. Изоляторда куни билан тўрт девор ичида ўтиришади, фақат сайр учун 1 соат ажратилади холос», - деган эди Иван Мельников.