Омадли миллиардернинг сўнгги парвози: лестерликлар қалбидан жой олган Вичай Шривадданапрабха ҳақида
Oct. 29, 2018, 7:32 p.m. 6595

27 октябрь куни вертолёт ҳалокати оқибатида ҳалок бўлган 60 ёшли Вичай Шривадданапрабха Таиланднинг энг бой кишилари бешлигидан ўрин олган бизнесмен, мамлакатдаги King Power duty-free дўконлар тармоғи эгаси эди. 2016 йилда Forbes унинг бойлиги миқдорини 3,2 миллиард доллар деб баҳолаган.

Вичай 2013 йилга қадар Раксриаксорн фамилияси билан юрган. Шривадданапрабха фамилияси унинг оиласига Таиланд қироли томонидан туҳфа этилган. Маҳаллий одатларга кўра, қирол мамлакатда юксак муваффақиятларга эришган фуқароларга фахрий фамилияларни совға қилади. “Шривадданапрабха” сўзи “узоқ даврлик муваффақиятга эришган оила” маъносини билдиради.

Таиландлик миллиардер 2010 йилда King Power “Лестер” клубининг фахрий ҳомийсига айланганидан сўнг клубни Милан Мандаричдан сотиб олганди. 

Дастлаб Вичай Лондон клубини харид қилмоқчи бўлган. Аммо унинг ўғли Айаваттнинг хотирлашича, отаси “Лестер”нинг уй учрашувида бир марта бўлганидан сўнг уни сотиб олишга қарор қилган. Бу қарорга келиш учун унга 30 дақиқа кифоя қилган. 

Вичай даврида “Лестер” Осиё бозорида фаол илдамлай бошлади. Клуб атрибутикалари Таиланддаги аэропортлар ва Шриваданапрабхнага қарашли барча дўконларда сотила бошлади.

Қайд қилишларича, футбол “Лестер” президенти қизиққан асосий спорт тури эмасди. Вичай Шривадданапрабха от полосининг ашаддий ишқибози бўлган. У полога Англияда бўлган даврида қизиқиб қолган. Таиландга қайтганидан сўнг Вичай ер сотиб олиб, Бангкокда поло-клуб ташкил қилади. Бу унга камдек туюлади. Шундан сўнг миллиардер Таиланд от полоси ассоциациясига асос солади. Унинг компанияси ҳомийлик қиладиган King Power Foxes жамоаси 2015 йилда Англиядаги бир нечта мусобақаларда ғолиб чиқади.

Вичай Шривадданапрабханинг футбол учрашувларидан сўнг стадионни вертолётда тарк этиши дастлаб англияликларни ҳайратлантирганди.  2015 йил декабрда “Челси” “Лестер” меҳмони бўлган, ўйиндан сўнг стадион сухандони вертолёт қўниши учун майдонни тарк этишни сўраб мурожаат қилганида стадиондаги барча ҳайрон қолганди. Майдон ўртасига қўнган вертолётда “Лестер” логотипи ярақлаб турарди.

Лестерликлар уни камтар ва уятчан бўлган дейишади. Вичай омадли ҳам бўлган. “Лестер” Англия Премьер-лигасида мўъжизавий чемпионлигини нишонлаган куни у казинода икки ярим миллион фунт ютиб олган. Клуб ўйинчилари совға сифатида 19та BMW спорткарларига эга бўлишган.

27 октябрь куни “Лестер”нинг уй майдони “Кинг Пауэр” стадиони ёнида Вичай Шривадданапрабханинг вертолёти ҳалокатга учради.

Лестершир графлиги полициясининг маълум қилишича, фожиада яна 4 киши ҳалок бўлган. Полиция баёнотида айтилишича, вертолёт бортида таиландлик миллиардернинг икки ходими –  Нурсара Сукнамай ва Кавепорн Пунпарэ, учувчи Эрик Сваффер ва йўловчи Изабела Роза Лечович бўлган.

Ҳалокат “Лестер”-“Вест Хэм” учрашувидан кейин юз берган. Гувоҳларнинг айтишича, вертолёт одатдагидек футбол майдонидан ҳавога кўтарилган. Бир неча сониядан кейин учувчи бошқарувни йўқотган ва вертолёт стадион ёнидаги автотураргоҳга қулаган.

“Чуқур қайғу ва юракда оғриқ билан клуб эгаси Вичай Шривадданапрабха шанба оқшомида у ва яна 4 йўловчи бўлган вертолёт ҳалокатга учраган фожиада ҳалок бўлганлар орасида борлигини тасдиқлаймиз. Бизнинг барча ўйлар Шривадданапрабха ва қолган қурбонлар оилалари билан бирга. Вичай сиймосида биз яхши инсон, ҳотамтой, умрини ўз оиласига бағишлаган, уни жуда яхши кўрган ва муваффақиятли бошқарган инсонни йўқотдик. “Лестер Сити” унинг оиласи эди”, деб айтилган клуб баёнотида.

Якшанба куни «Арсенал» футболчилари “Кристал Пэлас” билан баҳсга мотам боғичлари боғлаган ҳолда чиқишди, “Лестер”нинг “Саутгемптон” билан баҳси эса бошқа кунга қолдирилди.

Шу куни Петер Шмейхель марҳум миллиардерга хайрлашув мактубини ёзди.

«Биз сизнинг клубга киритган инвестицияларингиз ҳақида барчасини биламиз, аммо сиз бундан ҳам кўпроқ ишни амалга оширдингиз. Сиз нафақат клуб ҳақида, балки бутун шаҳар ҳақида қайғурардингиз. Лестер касалхоналари ва хайрия ташкилотларига ажратган маблағларингиз ҳақида ҳеч қачон унутмаймиз.

Мен сиз каби бунчалик кўп ишлаган, сабрли, оқкўнгил ва сахий инсонни ҳеч қачон учратмаганман. Сиз ким бўлишидан қатъи назар барча учун вақт ажратардингиз. Мен сиз билан худди етакчи, ота ва асл инсон сифатида фахрланаман.

Сиз футболни буткул ўзгартириб юбордингиз. Сиз нафақат бизнинг мухлисларимизни, балки бутун дунёдаги ишқибозларни имконсиз нарсанинг ўзи йўқлигига ишонтира олдингиз. 

2011 йилда мени таклиф қилганингизда, олти йил ичида биз Чемпионлар лигасида ўйнашимизни ва буюк ишларни амалга оширишимизни айтгандингиз. Сиз менга илҳом бағишладингиз. Энди кийиниш хонасида йигитлар билан қандай ҳазиллашаётганингизни ва ҳар қандай инсонга юқтирадиган табассумингизни бошқа ҳеч қачон кўрмаслигимни ўйлаб қалбим пора-пора бўлмоқда”, деб ёзди дарвозабон.

Дилшодбек Асқаров тайёрлади.