Шоҳ сохта экан! - Adidas Ўзбекистон терма жамоасини кийинтирмайди
Oct. 24, 2018, 6:27 p.m. 12102

Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоалар учун сифатли экипировкалар етказиб берувчи бир қатор хориж компаниялари билан музокаралар ўтказди. Натижада Германиянинг машҳур JAKO (ЯКО) компанияси билан ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради ЎФА сайти.

Энди бу компания турли ёшдаги миллий терма жамоалар учун экипировкалар етказиб берадиган бўлди. 25 октябрь куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва JAKO компанияси томонидан ўзаро ҳамкорлик бўйича келишув имзоланади. 

Қизиғи шундаки, шу йилнинг сентябрь ойида ЎФА Германиянинг Adidas компанияси билан 2 йиллик шартнома имзолаши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Хусусан, Миллий Олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Умид Аҳмаджонов бу ҳақда «Kun.uz»га хабар берган эди. Ўзбекистоннинг турли ёшдаги бир қанча терма жамоалари август, сентябрь ва октябрь ойида ўтказилган ўйинларда айнан Adidas либосларида майдонга тушган эдилар. 

Маълумот учун, JAKO компанияси спорт экипировкалари (либос, оёқ кийим, аксессуарлар) ва инвентарларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган компания бўлиб, унга Руди Шпрюгель томонидан 1989 йилнинг 1 ноябрида асос солинган. Айни вақтда 40дан ортиқ мамлакатда компания филиаллари мавжуд. Унинг бош биноси Германиянинг жануби-ғарбидаги Ҳолленбах округида жойлашган. Ҳозирда Австрия, Бельгия, Голландия, Швейцария каби мамлакатларнинг бир қатор клублари айнан JAKO компанияси билан ҳамкорлик қилади.