Миржалол Қосимов «Бунёдкор»нинг келажаги борасидаги саволга жавоб қайтарди
Oct. 24, 2018, 9:15 p.m. 5176

Бугун, 24 октябрь куни Ўзбекистон Суперлигаси 27-тури доирасида чемпионлик учун курашаётган «Пахтакор» жамоаси сафарда «Бунёдкор»га қарши майдонга тушиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эндиликда, «Пахтакор» чемпионлик учун курашувчилар гуруҳида 27 очко билан «Локомотив»дан 6 очко кам жамғарган ҳолда иккинчи ўринда, «Бунёдкор» эса 20 очко билан тўртинчи ўринда қолган.

Ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида «қалдирғочлар» жамоаси устози Миржалол Қосимов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

«Икки хил бўлим гувоҳи бўлдик. Биринчи бўлимда яхши ҳаракат қилдик. Аммо яратилган имкониятлардан фойдалана олмадик. Мана, кўриб турибсизлар, захира ўриндиғимизда академия тарбияланувчилари ўтиришибди. Бу ўйинда беш футболчимиз иштирок эта олмади. Икки ўйинчи дисквалификация, уч футболчи жароҳат сабабли ўйнай олишмади. Бу йўқотишлар эса ўз сўзини айтади. 

Бекободда ҳам биринчи бўлимга қараганда иккинчи бўлимда суст ўйнагандик, шу боис охирги дақиқаларда гол ўтказиб юбордик. Шундай ўйинлар орқали тажриба тўпланади», - деган Қосимов.

Ундан шунингдек, клубнинг келажаги борасида сўрашди. Журналист охирги вақтларда «Бунёдкор» клуби молиявий муаммоларга дуч келгани, кейинги мавсумда Суперлигада иштирок этмаслиги, клуб бутунлай тугатилиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалаётганини эслатиб ўтган.

«Авваламбор мухлислар учун ўйнаймиз. Тўғри, мукофот пуллари йўқ, лекин бу баҳона бўлиши керак эмас. Ўз олдига катта мақсад қўйган, қолаверса, келажакда яхши футболчи бўламан деган ёшлар бу нарсани ўйлаши керак эмас. Йигитлар билан келишиб олганмиз. Ташқаридан бу ҳеч кимга қизиқ эмас. Албатта ўз даражамиздан пастга тушишимиз керак эмас.

Энди, одам резинка эмас, чарчайди. Мақсадимиз, Осиё чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш, бу қийин, лекин охиригача курашамиз.

Клуб ёпилиши ёки ёпилмаслиги, олти очко олинади, олинмайди, деган гапларни вақт кўрсатади. Йил охирида кўрамиз. Ҳозир энг муҳими мавсумни охиригача етказиб қўйиш», дея мураббийнинг сўзларини келтирган «Трибуна» мухбири.