Ўзбекистон ва Буюк Британия таэквондо федерациялари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Oct. 23, 2018, 8:36 p.m. 254

Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида таэквондон бўйича нуфузли Гран-При мусобақаси бўлиб ўтмоқда. 

Турнир доирасида бир қатор учрашувлар, расмий тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси (ЎТА) Буюк Британия таэквондо федерацияси (ББТФ) билан учрашув ўтказди. ЎТА бош котиби Абдуазим Исроилов ва ББТФ раиси Юлия Ньютон иштирокида ўтказилган тадбирда томонлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан келишувга эришилди ва меморандум имзолади.

Унга кўра икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони Жэйд Жонс, жаҳон чемпионати совриндорлари Бьянка Уолкден, Муҳаммад Лутало каби спортчилар Ўзбекистонга келиб, машғулотлар ўтказадилар, ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар. Шунингдек, келаси йили Манчестер шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистон терма жамоасининг ўқув-машғулот йиғинлари айнан ўша ерда ташкил этилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон таэквондо ассоциациясининг мураббий, психолог, шифокор ва бошқа мутахассислари Буюк Британияда малака оширишлари мумкин бўлади, деб хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси сайти.