Испанияда Иньестанинг иккинчи ҳайкали ўрнатилади
Oct. 23, 2018, 6:02 p.m. 1806

Испаниянинг Альбасете шаҳрида «Барселона» собиқ яримҳимоячиси Андрес Иньеста шарафига ҳайкал ўрнатилади, деб хабар тарқатди Football Italia.

Нашрга кўра, тез орада ҳайкал лойиҳаси бўйича танлов ўтказилади. Лойиҳа бўйича барча ишлар 2020 йилга қадар якунланиши, монумент шаҳар истироҳат боғида қад ростлаши режа қилинган.

Қайд этиш керакки, ҳозир ҳам Испанияда Иньестанинг ҳайкали йўқ эмас. 2013 йилда Альбасете провинциясининг у туғилган Фуэнтеальбилья шаҳарчасида унинг болалик сиймоси акс этган ҳайкал (суратда) барпо этилган.

Ҳозирда Япониянинг «Виссел Кобе» клубида ўйнаётган Иньеста ўтган мавсум охирида «Барселона»дан кетиб, Испания терма жамоасидаги фаолиятига ҳам якун ясаган эди. У ЖЧ-2010 ғолиби бўлиш билан бирга 2008 ва 2012 йилларда Европа чемпионатида зафар қучган. «Барселона» таркибида эса 16 мавсум ўйнаган хавбек 9 карра Испания чемпиони бўлиб, тўрт марта ЕЧЛ бош совринини қўлга киритган.