Анчелотти Роналду йўл қўйган ягона хато ҳақида гапирди
Oct. 23, 2018, 8:44 a.m. 24973

«Наполи» бош мураббийи Карло Анчелотти ҳужумчи Криштиану Роналдунинг «Реал»дан «Ювентус»га ўтиши ҳақида ўз қарашини баён қилди.

«Криштианунинг келиши А Сериянинг обрўси учун жуда яхши иш. Бу чемпионат узоқ вақт давомида суперюлдузлар лигаси бўлиб келган: Марадона, Платини, Зико, Зидан, Роналдо, Шевченко, Кака, Ибраҳимович... Охирги 10 йилдан буён ҳаммаси ўзгарган эди, лекин Роналду аввалгидек ҳолатни қайтаради. У – жуда кучли профессионал. Унинг ягона хатоси «Ювентус»га ўтгани бўлди», - деб айтган Анчелоттидан иқтибос келтирди Football Italia.

Эслатиб ўтамиз, «Наполи» «Ювентус»нинг Италиядаги энг асосий рақиби саналади. Турин клуби  ҳозирда 25 очко билан А Серия жадвалини бошқариб турибди, 21 очко тўплаган неаполликлар эса иккинчи ўринда. Келаси турда Анчелотти жамоаси «Рома»ни қабул қилади. Ундан аввал эса клуб ЕЧЛ доирасида эртага «ПСЖ» меҳмони бўлади. Учрашув чоршанбада, Тошкент вақти билан соат 23:59 га белгиланган.