15 минг евролик жаримадан сўнг. «МЮ» «Олд Траффорд»га яқин меҳмонхонага кўчиб ўтди
Oct. 23, 2018, 5:33 p.m. 3181

«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Жозе Моуриньо ЕЧЛнинг учинчи туридаги «Ювентус»га қарши ўйинга кеч қолмаслик учун жамоани «Олд Траффорд»га анча яқин жойлашган меҳмонхонага кўчиришга қарор қилди.

Маълум бўлишича, «қизил иблислар» ўз стадионларидан пиёда юрганда 10 дақиқада етиб олиш мумкин бўлган «Ҳилтон» меҳмонхонасига жойлашишган.

Эслатиб ўтамиз, ЕЧЛнинг ўтган турида жамоа «Валенсия»ни қабул қилиб, Манчестердаги тирбандлик сабаб ўйинга кечикиб келган эди. Учрашув белгиланганидан беш дақиқа кечроқ бошланган, бунинг учун мезбонлар 15 минг евро жаримага тортилган. Португалиялик мутахассис бу воқеани шундай изоҳлаган эди:

«Биз соат 6да меҳмонхонадан чиқдик ва 30 дақиқада стадионга етиб келишни режалаштиргандик. Одатда ҳар доим шунақа бўларди. Бироқ, бу сафар полиция бизни кузатиб бормади. Натижада «Лоури» меҳмонхонасидан стадионгача бўлган масофани 75 дақиқада босиб ўтдик.

УЕФА ва ҳакам шуни эътиборга олиб, ўйинни 5 дақиқа кечроқ бошлашга рухсат берди. Чунки бизга тайёргарлик кўриш ва чигалёзди машқлар учун камида ярим соат керак эди. Бу клубнинг айби эмас, биз қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Кеч қолишимизни тушуниб турган эдик, аммо полиция бизни кузатиб бормаслигини сўнгги паллада билдик».

«Манчестер Юнайтед» - «Ювентус» учрашуви бугун Тошкент вақти билан 23 октябрдан 24 октябрга ўтар кечаси, соат 00:00 да бошланади