Кучли бешлик: «Ерликлар» ўртасида кечадиган класико, Хабибга айланган Моуриньо ва бошқалар
Oct. 22, 2018, 2:27 p.m. 8836

Европада кучли бешлик чемпионатларида дам олиш кунларида навбатдаги тур учрашувлари давом этди. «Трибуна» уикенднинг энг асосий воқеаларини келтиради.

Левандовски ортидан...

Бундеслига ихлосмандлари охирги марта пента-трикни икки йил олдин томоша қилишганди. «Вольфсбург»га қарши ўйиннинг иккинчи бўлимида майдонга тушган Левандовски 6:1 ҳисобидаги ғалабада ўзининг беш голи билан иштирок этганди. Қизиғи, бу сафар ҳам, «Бавария» «Вольфсбург»га қарши майдонга тушган турда бундай муваффақият такрорланди. Лекин бошқа ўйинда. Ёзда Нико Ковач собиқ жамоаси «Айнтрахт»дан «Бавария»га олиб келишни жуда истаган 20 ёшли сербиялик ҳужумчи Лука Йович ҳозирда ҳам франкфуртликлар жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. «Фортуна» дарвозасига бешта гол урган Лука биратўла бир нечта рекордни қайд этди. У энди Бундеслигада бир ўйинда беш гол урган энг ёш футболчи ва шунингдек, «Айнтрахт» тарихидаги ягона пента-трик соҳибидир.

Лука Йович аслида ҳали ҳам «Бенфика» аъзоси ҳисобланади ва Франкфуртда ижара шартномаси асосида тўп сурмоқда. Лекин шартномада агар немис клуби футболчини сотиб олишни истаса, 12,5 миллион евро тўлаб, бу ишни амалга ошириши мумкинлиги қайд этилган. Ҳозирдан айтиш мумкинки, «Айнтрахт» бўлажак юлдузнинг қайта трансферидан яхшигина даромад қилиши мумкин.

Шунингдек, бу турда «Бавария» ҳам ниҳоят ғалабали йўлга кириб олди. Аммо ҳозирча «Боруссия»ни тўхтатиб бўлмаяпти.

Фергюсонни соғиниб...

Айнан Алекс Фергюсон даврида «Манчестер Юнайтед» охирги марта «Стемфорд Бриж»да мезбонлар устидан ғалаба қозонган. Бу воқеа 2012 йилнинг кузида содир бўлганди. Жозе Моуриньо ўтган шанба куни бу совуқ анъанани бузишга жуда яқин турганди, аммо унинг шогирдлари қандайдир сонияларгача чидай олишмади. Португалиялик мутахассис эса, «Челси» ёрдамчи мураббийи билан уришиб кетди. Саррининг ёрдамчиларидан бири Рос Барклининг 96-дақиқада урган голига шу қадар хурсанд бўлдики, бир-икки марта Моуриньони мазах қилиб, унинг олдидан байрамона юриш қилиб ўтди, бу эса, Жозега ёқмади. Хабиб Нурмагомедов услубида ўз ўрнидан сакраб чиққан португалиялик мураббийни қўриқчилар аранг тўхтатиб қолишди.

Воқеа британча вазминлик билан ҳал этилди. Жанжалнинг барча иштирокчилари бир-бирларидан узр сўрашди. Фақат «Манчестер Юнайтед»нинг бу стадиондаги ғалабаси яна номаълум муддатга қолдирилди.

АПЛда 9 турдан сўнг биратўла уч жамоа мағлубиятсиз одимламоқда. Англия чемпионатида бундай ҳолат учинчи маротаба қайд этилмоқда. 1978/79 ва 1990-91 йилги мавсумларда ҳам уч жамоа 9 турни мағлубиятсиз ўтказган ва қизиғи, ўша учликларда ҳам «Ливерпуль» бўлган. Бу мавсумларнинг биринчисида «Ливерпуль» чемпион бўлган, иккинчисида эса, «Арсенал»...

Ерликлар ўртасидаги Классико

Ниҳоят бу сафар «эл-класико» ерликлар ўртасида кечадиган кўринади. Йўлини йўл-йўллар билан туташтириб Туринга кетиб қолган Криштиану Роналдунинг ортидан, Лео Месси ҳам кутилаётган ўйинни ўтказиб юборади. Турнир жадвалини бошқариб турган «Севилья» устидан қозонилган ғалаба ва «Барселона» яна пешқадамга айланиб олиши Лео Мессининг жароҳати соясида қолиб кетди.

Ўн икки дақиқада бир гол ва голли пасни амалга ошириб, мезбонлар учун комфорт ҳисоб қайд этилишида бош ролни ижро этган Месси 26-дақиқада қўлини синдириб олди. Аввалига бутун «Камп Ноу»га қўшилиб, Вальверде ҳам бу ҳодисага ишонмади, токи футболчининг қўли боғланиб, стадионни тарк этгунча, у Мессининг ўрнига футболчи туширишга шошилмай турди. Сардорсиз «Барселона» эса, гўёки, «Севилья» билан тенг кучли жамоага айланиб қолди. 2:2 – бу Месси чиқиб кетгандан кейинги 75 дақиқанинг ҳисоби. Хабарларга қараганда, Месси энди бир ой майдонга туша олмайди. Аргентиналик ҳужумчи класикодан ташқари, ЕЧЛ доирасида «Интер»га қарши икки ўйинни, шунингдек, Испания Кубоги доирасида «Леонес», чемпионат доирасида «Райо Вальекано», «Бетис» ва балки «Атлетико»га қарши баҳсларни ҳам ўтказиб юбориши мумкин.

Хуллас, 11 йилдан кейин илк марта эл-класикода майдонда Месси ҳам, Роналду ҳам бўлмайди.

Шу билан бирга, «Реал»нинг муаммолари ҳам ўзига етарли. Хулен Лопетеги жамоаси 1985 йилдаги антирекордини янгилади – жамоа 481 дақиқани голсиз ўтказди. Марселонинг голи ушбу серияни мана шу кўрсаткичда тўхтатган бўлса-да, мадридликларга очко олиб келмади. «Реал» энди ўз майдонида «Леванте»ни юта олмаяпти. Қутқариш керак.

Бу вазиятга ечим катта эҳтимол билан Лопетегининг истеъфоси билан якунланса керак.

Сотма, куясан

«Бордо»нинг «Монпелье»даги мағлубияти у қадар эътиборга арзимас, аммо бу ўйинда ҳисобни очган футболчи Гайтан Лаборд бўлганини айтсак-чи? Яъни ҳайронсиз, шундайми?

Ёзда «Бордо» айнан Лабордни «Монпелье»га сотиб юборганди ва бу трансфер жамоанинг ўша пайтдаги мураббийи Густаво Пойетнинг жаҳлини чиқариб юборган. Уругвайлик мураббий етакчи футболчини у билан маслаҳатлашмай сотиб юборишгани учун клуб раҳбариятни матбуотда танқид қилишгача борган. Бу воқеанинг оқибати Пойетнинг истеъфоси билан якунлаганди.

«Агар мураббий ва раҳбарият ўртасида қандайдир келишмовчилик бўлган бўлса, бу менинг муаммоим эмас», – деб ёзди ғалабадан кейин Гайтан Лаборд.

Европа Лигасидаги навбатдаги ўйин олдидан «Бордо» мағлубиятга учради ва бу ўйинда 8.2 балл билан энг яхши ўйинчи деб топилган Лабордни сотиб юбориш нотўғри қарор бўлганини Пойетнинг ўрнида ишлаётган Рикардо Гомес ҳам ичида тан олса керак. Лекин айта олмайди...

Милан дербисида янги қаҳрамон

Гонсало Игуаин Милан дербисида ўйнашни жуда истаган эди. Журналистлар у ва бошқа бир аргентиналик ҳужумчи Мауро Икарди ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида сўрайвериб безор ҳам қилиб юборишди. «Сан-Сиро»даги дербида бу икки ҳужумчи асосий қаҳрамонлар бўлиши кутилаётганди.

«Бу теннис эмас, футбол, ҳар икки томонда ўн бир кишидан футболчи тўп суради», – таъкидлади Гонсало.

Шундай бўлиб чиқди ҳам, мухлислар тўқсон дақиқа давомида футболчиларнинг тактик баҳсларини томоша қилишди. Лекин, барибир Маруо Икарди бошқалардан кўра жиддийроқ тайёрланганини исботлади. Унинг дастлабки голи офсайд туфайли бекор қилинган бўлса, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда учрашувдаги ғалаба голини урди. Игуаин бу қарама-қаршиликда мағлубиятга учради.

Қизиғи, бу Икардининг Милан дербисидаги илк қаҳрамонлиги эмас. Ўтган йилнинг октябрида бўлиб ўтган тўқнашувда Икарди ҳет-трик қайд этган ва қизиғи, ўша ўйинда ҳам ғалаба голи сўнгги дақиқаларда амалга ошганди.

Бу турда шунингдек, «Ювентус» мавсумда илк марта очко йўқотди. «Олд Траффорд»га сафар олдидан «Женоа»ни қабул қилган туринликлар жамоаси Криштиану Роналдунинг голидан сўнг ҳисобда олдинга чиқиб олишганди. Аммо меҳмонлар иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштиришди. Шундай бўлса-да, «Ювентус» энг яқин таъқибчисидан 4 очко олдинда бормоқда.