Кокорин ва Мамаевнинг қамоқхонадаги ҳаёти тафсилотлари маълум бўлди
Oct. 22, 2018, 10:06 p.m. 7209

«Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин ва «Краснодар» яримҳимоячиси Павел Мамаевнинг тергов изоляторидаги ҳаёти тафсилотлари ошкор қилинди.

«Бутирка» тергов изоляторининг бошлиғи Сергей Телятников футболчилар, Кокориннинг укаси Кирилл ва тўртинчи иштирокчини алоҳида, 2-4 маҳбусга мўлжалланган кичик камераларга жойлаштирган.

Тўрт нафар айбланувчида бир нафардан камерадош бор, уларнинг уч нафари ўғрилик, яна бири алимент тўламагани учун ушланган.

Кокориннинг камераси навбатчи ходим билан боғланишга мўлжалланган видеоалоқа хизматига эга. Мамаевнинг камерасида бундай тизим йўқ. Камералар видеокузатув тизими билан жиҳозланмаган. 

Футболчиларни ҳеч ким урмаяпти, уларнинг пулларини ҳеч ким тортиб олмаяпти. Улар «параша»ни (ҳожатхонани) фақат ўз ихтиёрига асосан, камерадошлари билан навбатма-навбат ювмоқдалар.

Футболчилар спортзалда шуғулланиш ва ювиниш хонасидан фойдаланиш учун навбатга ёзилишган. Улардан фойдаланиш нархи 500 рубль. Мамаев изолятор қошидаги кичик черковга мунтазам қатнамоқда.

Кокориннинг кайфияти бошқаларникидан ёмонроқ. У ёнидаги камерага жойлаштирилган укаси Кириллнинг аҳволидан хавотирда. Чунки, у деворларининг сувоғи тушган ва ёқимсиз ҳидли камерага жойлаштирилган. Кокорин ҳар доим Кирилл ҳақида сўраяпти, ҳатто у билан камерасини алмаштиришга ҳам тайёр. Бироқ, қамоқхона «меҳмонхона» эмаслиги, камералар шунчаки алмаштирилмаслиги ҳақидаги жавобни олган.

Мамаев қилган ишидан афсусда ва буни очиқ ойдин, кўп марта айтмоқда. Кокорин бундай сўзларни кам ишлатмоқда, деб хабар беради «Московский Комсомолец».