Конте «Реал» бошқарувига келиш тадоригини бошлади
Oct. 21, 2018, 7:13 p.m. 8086

Италиялик мутахассис Антонио Конте «Челси» билан шартномани муддатидан олдин бекор қилиш масаласида музокаралар олиб бормоқда. Унинг мақсади – собиқ клуби билан расмиятчиликларни тезроқ тугатиш ва «Реал» бошқарувига келиш, деб ёзади Il Giornale.

Контенинг лондонликлар билан шартномаси 2019 йил ёзида ниҳоясига етиши керак ва бу битим бир томоннинг ихтиёри билан муддатидан олдин бекор қилингани боис мураббий 10 миллион евро миқдорида товон пули олиши лозим. Ўз навбатида, «Челси» шартноманинг тугатилишига мураббийнинг қоидабузарлигини сабаб қилиб кўрсатиб, ҳеч қандай товон тўламоқчи эмас.

Конте эндиликда 10 млн эмас, 4 млн евро компенсация олишга ҳам розилиги айтилмоқда.

Айни пайтда, бошқа бир нашр El Pais тарқатган хабарга кўра, «Реал» 49 ёшли мутахассис билан музокараларни анча олдин бошлаб бўлган. Ўзаро дастлабки маслаҳатлашувлар «қаймоқранглилар» ЕЧЛнинг иккинчи турида ЦСКАга мағлуб бўлганидан кейиноқ бўлиб ўтгани маълум қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Реал» охирги 5 та учрашувдан буён ғалаба қозона олмаяпти: 4 ўйинда имкониятни бой берган клуб орада «Атлетико» билан голсиз дуранг қайд этди. Матбуотда «Реал» етакчиларидан бири амалдаги бош мураббий Хулен Лопетегининг дарҳол истеъфога чиқишини истаётгани ҳақида миш-мишлар юрибди.