Арвеладзе Азим Аҳмедов нега асосий таркибда тушаётганига изоҳ берди, Яхшибоев нега ўйнамаётгани ҳақидаги саволни эса очиқ қолдирди
Oct. 21, 2018, 11:24 a.m. 4564

Ўзбекистон Суперлигасининг 26-тури доирасида «Пахтакор» ўз майдонида «Локомотив»ни қабул қилди ва 1:3 ҳисобида ютқазди. 

Бу мағлубиятдан сўнг, «Пахтакор» турнир жадвалида «Локомотив»дан 6 очко ортда қолиб кетди ва чемпионлик тақдири амалда ҳал бўлди. 

Ўйиндан кейин жамоа бош мураббийи Шота Арвеладзе матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

«Бу дерби ўйини эди. Ўйин қийин кечди. Бугун Суперлигадаги энг кучли жамоаларидан бирига қарши саф тортгандик. «Локомотив»нинг ўйини яхши шаклланган. «Локомотив»ни табриклайман. Улар бугун яхши ўйнашди.

Биз эса биринчи бўлимни жуда ёмон бошладик. Иккинчи гол бизни издан чиқарди, иккинчи голдан кейин қийин аҳволга тушиб қолдик, ташаббус рақибга ўтиб кетди. Режалар ўзгарди, бу футболчиларни алмаштиришларга ҳам таъсир кўрсатди. Кўп таваккал қила бошладик.

Иккинчи бўлимда яхшироқ ўйнадик. Шундай вазиятлар бўлдики, ўйин бутунлай бошқача натижа билан тугаши мумкин эди. Жамоада характер борлигини кўрсата олдик. Аммо кечиккандик», деди матбуот анжуманида мураббий.

Ундан «Локомотив»га қарши ўйин натижасига «Пахтакор» 27 октябрь куни Ўзбекистон Кубоги финалида ОГМК клубига қарши майдонга тушиши қанчалик таъсир кўрсатгани ҳақида сўрашган. 

«Айтишим керакки, ҳали бизда чемпионат доирасида 6та тур ўйини бор. 4 кундан кейин «Бунёдкор билан ўйнаймиз. Кубок финалида иштирок этамиз. Вазиятни ўнглаш учун имконият ҳам, вақт ҳам бор. 

Биз ҳар бир турнирга жиддий ёндашамиз. «Пахтакор» ўзи иштирок этаётган ҳар бир турнирда ғалаба қозониш учун иштирок этади. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

«Локомотив»га қарши сафарда яна бир ўйин ўтказамиз. «Локомотив» кучли олтиликдаги рақибларга қарши яна 6 ўйин ўтказиши керак. Умид қиламизки, «Локомотив» ҳам ҳали очко йўқотади.

Мен ҳозир айбдорларни қидирмайман, ФИФА кунлари жамоа ўйинига таъсир кўрсатгани ёки кўрсатмагани ҳақида гапирмоқчи эмасман», деган Арвеладзе.

Ундан ўзининг Тошкент клубидаги фаолиятидан қанчалик қониқаётганини ҳам сўрашган.

«Мен сиз билан баҳслашмоқчи эмасман. Лекин сиз ҳам, бошқалар ҳам бу мағлубиятдан олдин бундай савол бермаётгандингиз. Ютқаздик, энди шу савол туғилди.

Мен ўз фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилмоқдаман. Бу ўйин натижасидан қониқиш ҳосил қилмаяпман», деган у.

Ундан жамоа легионерлари ишончни оқлмаётгани, дерби ўйинида Марко Симич, Егор Кримец ва Азим Аҳмедов нима учун яхши спорт формасида бўлмасада, майдонга туширилгани ҳақида сўрашган.

«Биз ўртоқлик учрашувларида қатнашдик, машғулотлар ўтказдик. Баъзи футболчилар ўртоқлик учрашувларида ва машғулотларда ўзини яхши томондан кўрсатади, лекин майдонда ишончни оқламайди. Баъзи футболчилар бир ўйинда яхши ўйнаб, кейинги ўйинда ёмон ўйнаши мумкин. Ҳамиш шундай. Футболчиларни машғулотлардаги ҳаракатларига қараб майдонга тушираман.

Бугунги ўйинда вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳужумчиларни майдонга туширдим. Игор Сергеев ва Жасур Яхшибоевни ҳужумни кучайтириш мақсадида ўйинга қўшдим. Дилшод Раҳматуллаев сариқ карточка олди ва уни Козакка алмаштирдим.

Легионерлар гол уришмоқда. Жамоа голларининг асосий қисми улар томонидан урилган (Исмоил Гонсалвеш 12та, Тиаго Безерра 10та гол урган).

Бизда яхши жамоа бор. Битта мағлубиятдан кейин бу жамоадан воз кечиш адолатдан бўлмайди. «Локомотив» мамлакатнинг энг яхши футболчиларини йиғиб олган. Лекин бу жамоа ҳам мағлубиятга учрайди. Биз узоқ вақт мағлубиятга учрамагандик», дея Арвеладзенинг жавобларини келтирган «Трибуна» мухбири.

Журналистнинг Жасур Яхшибоев нима учун асосий таркибда ўйнатилмаётгани ҳақидаги саволини эса мураббий очиқ қолдирди ва бу саволга жавобни кейинроқ, алоҳида ҳолда, интервью чоғида батафсил жавоб беришини билдирди.