Купер ва Симеоне. Навбатдаги синов олдидан
Oct. 17, 2018, 5:36 p.m. 15663

Бир қараганда, «Атлетико» – топ-клуб эмас, шунинг учун жамоа қатнашаётган ҳар қандай турнирда босим остида қолмайди. Молиявий имкониятлар ва масштаб бўйича, «Реал», «Барселона» ёки АПЛ жамоаларидан сезиларли орқада, тўғри, аммо бугунга келиб, мадридликларни масалан, «Севилья» ёки «Валенсия» билан ҳам тенглаштирмаган бўлардим. Яъни, «жамоа деярли «Севилья» даражасидаги клуб, лекин Симеоненинг маҳорати ва жамоанинг доимий равишда бир бош баландга сакраётгани туфайли топ-клублар қаторида юради» демаган бўлардим.

Тўрт йил олдинги чемпионлик қайсидир маънода бўйдан баланд сакраш бўлганини инкор қилмаган ҳолда, бугунги «Атлетико»нинг мавқеи, трансферлар бозоридаги ҳаракатлари «Севилья» ё «Валенсия»дан катта фарқ билан олдинда эканини кўрсатади. Антуан Гризманндек футболчини «Реал» ва «Барселона» тумшуғи остида шу пайтгача ўз сафида сақлаб қола олиш фақат топ-клубнинг қўлидан келади. Биргина футболчи учун (Лемар) 80 миллиондан воз кечиш фақат топ клубларга хос, яъни бугунги «Атлетико» – том маънодаги топ-клуб.

«Севилья» ва «Валенсия» бир трансфер ойнасида бир неча футболчи учун ҳам 80 миллион сарфлай олишмасди. Гризманн уёқда турсин, Лангле ёки Канселу каби бир мавсум чақнаган иқтидорли футболчиларни сақлаб қолиш ҳам юқоридаги жамоалар учун катта муаммо.

Европа осмонида чақнаган юлдуз футболчилар бозорида «Атлетико» номининг деярли тилга олинмаслиги, яъни юлдузларни жалб қилиш бўйича мадридликлар «Реал», «Барселона» ёки АПЛ клублари каби фаол кўринмаслигининг сабаби эса, бошқа. Бу ерда Сименонинг ўзига хос мураббийлик қарашлари катта аҳамият касб этади.

Гап пулда эмас, Симеонега ҳам Моуриньога берилаётган пулни беришлари мумкин, аммо аргентиналик мутахассис шунақа ҳолатда ҳам Погбага эмас, Родрига харидор бўлишига ишонаман. Яъни, «Атлетико»нинг гўёки камтарона трансфер сиёсати етишмовчиликдан эмас, Симеоненинг футболга бўлган қарашидан келиб чиқади. Агар гап нарх устида бўлганида, юқорида тилга олинган Лемар ўрнига арзонроқ вариант изланарди. Аммо Симеоне бу футболчига қизиқди – клуб «Арсенал» ва «Челси»ни ортда қолдириб, франциялик юлдузни сотиб олди.

Симеоне майдонда ҳар қандай иш қўлидан келадиган юлдузни эмас, майдонда унинг айтганларини бажара оладиган ижрочини қидиради. Бундай махсус қидирув натижаси сиз-у бизга таниш бўлмаган футболчи бўлиб чиқиши эҳтимоли ҳам шунинг учун баланд.

Бошқа йўл ҳам йўқ, «Атлетико» ва Симеоне дунё гранд жамоаларига бир қаршилик ўлароқ майдонга чиқди, баъзи фронтларда улар устидан ғалаба ҳам қозонди. Бундай натижалар фақат ва фақат фарқлироқ бўлган мураббий қараши ва услуби ёрдамида амалга ошиши мумкин эди холос. Симсеоне услубининг деярли бир тизимга айлангани эса, «Атлетико» умрини узайтирмоқда. Ўз навбатида, жамоа раҳбарияти муҳим футболчиларни сақлаб қолишда катта иш қилишмоқда, зеро бир йиллик чақнашдан кейин бир қатор аҳамиятли футболчиларини йўқотган «Лестер» каби тақдирдан қутулиб қолиш осон эмасди.

Бу мавзунинг Куперга алоқадор жиҳати, у ҳам бир пайтлар, мураббий сифатида дунёга танилган пайтда, худди шу ишни қилганди. Яъни, ёввойи «Барселона» ва галатикос «Реал»га қарши ўзига хос услуб билан ёриб чиққан «Валенсия» Купер бошчилигида икки марта Европа Чемпионлар Лигаси финалида ўйнаган, кейинроқ, бошқа мураббий билан Ла Лигани ҳам ютиб олган.

Ўша «Валенсия» бугунги «Атлетико»дан бироз чиройлироқ ўйнагандек туюлар, балки ҳар бир футболчиси янада ёрқинроқ чақнагандек эсланар, бўлиши мумкин. Лекин ўхшашлик ўзига хосликда, зеро ўша даврларда «Валенсия»да порлаган бирор футболчи кейинчалик, бошқа жамоаларда ўша даражага чиқа олмади. Гаиска Мендьета аввал «Лацио», кейин «Барселона»да ўзини кўрсата олмай, Англияда изини йўқотди. Клаудио Лопес деганда ҳамма «Лацио»ни эмас, «Валенсия»ни эслайди. Кили Гонсалес «Интер»да айнан Купер бошчилигида тўп сурган бўлса-а, эски Кили кучлироқ бўлган. Висенте ва Бараха Валенсияда 2010 йилларгача тўп суришган бўлса-да, бу футболчиларни беихтиёр ўша аср бошларидан қидирамиз. Ва ҳоказо.

Эктор Купер бу фикрларимни Испаниядан Ўзбекистонга кўчиришимга ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. Аргентиналик мураббий сентябрдаги йиғинларда кўпгина футболчилардан норози бўлгани ва керак бўлса, бутунлай бошқатдан таркиб тузиши ҳам мумкинлиги ҳақида ҳам ўйлаб кўрганини эшитгандим. Кечаги йиғинлар ва икки ўртоқлик ўйини жуда кўп мухлисларга, табиийки, Куперга ҳам жараённинг ижобий томонга силжиётганидан дарак бергани шубҳасиз. Бир нарса аниқки, футболчилар мураббийнинг нима демоқчи бўлганини тушуна бошлади, қайсидир маънода Купер ва футболчилар ўртасида мулоқот шаклланди.

«Аввало тартиб ва тартиб, Мисрда ҳатто Салоҳга ҳам истаганча дриблинг амалга оширишга рухсат йўқ эди, бир ёки икки футболчини алдаб ўтгандан кейин тўп ошириш керак бўлган» – марҳамат, дастлабки ўйинда у қадар ишончли кўринмаган ва алмаштирилган Одил Аҳмедов кеча сўнгги йиллардаги энг яхши ўйинчиларидан бирини ўтказди.

«Ҳеч кимга термадан жой кафолатланмаган, бугун майдонга тушаётган футболчи эртага, бугунги формасида бўлмаса, четда қолади ёки аксинча» – марҳамат, аввалги ўртоқлик ўйинларидан фарқли равишда, вакилларимиз сўнгги дақиқаларгача прессингни пасайтиришмади, жуда кўп югуришди, ҳар икки ўйинда ҳам айнан сўнгги ўн дақиқа рақибдан анча кучли ўйин намойиш қилишди.

Клубда майдонга тушганига қарамай, жароҳат туфайли йиғинларга келмагани айтилаётган Виталий Денисов ҳам мураббий учун оддий номзод экани билдирилди. Унинг ўрнига майдонга тушган Олег Зотеев энг яхшилардан бири бўлди. Бу ҳолат қанақадир жиҳатдан 2010 йилда Жасур Ҳасанов билан боғлиқ бир вазиятни ёдга солмоқда. Эсингизда бўлса, ўша пайт терма жамоа бошқарувига янги келган Вадим Абрамов сўнгги йилларда, олдинги мураббийлар пайтида терма жамоанинг алмаштириб бўлмас юлдузи саналган Жасур Ҳасанов ва Азиз Ҳайдаровни йиғинга жалб этмади. Абрамов ўшанда Ҳасановни телефонда топа олмаганини, Ҳайдаров ҳақида эса, футболчи аввал термада ўйнашни қай даражада истаётганини ўзи учун аниқлаб олиши кераклигини айтганди.

Натижада, чет элда тўп сураётган Ҳасанов билан «Футбол шарҳи» кўрсатуви боғланган, Азиз Ҳайдаров эса, айнан шу масалада ҳатто матбуот анжумани ташкил қилиб юборган. Абрамовнинг ўқи нишонган теккан, мураббий шу тариқа футболчиларга ҳеч ким алмаштириб бўлмайдиган одам эмаслигини «билдириб қўйган». Табиийки, ҳар икки футболчи кейинги ўйинларга жалб этилди, Қатар-2011 да жамоанинг энг яхши ўйинчилари қаторида бўлишган.

Денисов масаласига Купернинг бу қадар жиддий эътибор бермаётганининг ҳам тагида шундай сиёсат ётган бўлиши эҳтимол. Аминманки, ҳимоячи кейинги йиғинларда ҳам, БААда ҳам терма жамоа сафида бўлади. Унинг ва Аҳмедовнинг тажрибаси янги жамоа қурилишида, авлодлар алмашинуви жараёнида жуда катта ёрдамчи бўлишини мураббий ҳам жуда яхши тушунади. Лекин ҳар бир позиция рақобатдан холи эмаслигини футболчиларга амалий қарорлар орқали тушунтириш ҳам жуда муҳимдир.

Бугунги Ўзбекистоннинг ҳолати ҳам юқоридаги «Атлетико» ёки «Валенсия»га ўхшаб кетади. Терма жамоа Осиё кубогида ёки ЖЧ йўлланмаси учун ўзидан анча юлдузлироқ бўлган Жанубий Корея, Эрон ёки Япония каби терма жамоаларга қарши майдонга тушади. Бундай ўйинларда рақиб билан тенг кураша олиш учун эса, ўзига хос услуб ва мураббий ғоялари асосий қурол бўлиши мумкин.

Таркиб жиҳатдан кучсизроқ кўринган жамоа кучлироқ жамоани қандай енгади, биласизми? Бунинг учун ҳар бир футболчи номдорроқ рақибидан кам эмаслигига ишониши керак. Бу қандай сингдирилади? Ўша майдонга тушган ҳар бир футболчи ўша камчиликни аввало жамоа ичидаги рақобатда амалга оширади. Жавоҳир Сидиқов майдонда Сон Хин Миндан кам эмаслигига ишониши учун, аввало, терма жамоада Одил Аҳмедовдек ўйнай олишини англаши лозим бўлади. Айнан Жавоҳирни асосий таркибда синаб кўриш учун Одилнинг позицияси ўзгартирилгани Сидиқов учун жуда катта «ишонч бонуси» эмасми?

Иккинчидан, аниқ бир услуб ва ғоялар ортидан эргашадиган мураббийларда бироз парадоксал қарорлар ҳам бўлади. Балки клубда ва аввалги мураббийлар даврида умуман жалб этилмаган қайсидир футболчи Купернинг асосий юлдузига айланиб кетиш эҳтимоли ҳам бор. Ёки аксинча. Терма жамоанинг аввалги мураббийларида ёки клубда юлдуз мақомида бўлган кимдир Купер термасида умуман таркибдан четда қолиш ҳолатларини кутса бўлади. Чунки юқорида айтганимдек, бундай мураббийлар учун энг муҳими, футболчи майдонда нималар қила олиши эмас, айнан у берган вазифаларни қай тариқа бажара олиши асосий ўлчов сифатида ишлайди. Бугунку, Денисовнинг жароҳати тилга олинди, аммо эртага, худди Симеоне Погба ўрнига Родрини танлагандек, тенг танловда эътибор Денисовдан кўра Зотеевга қаратилиши у қадар ажабланарли бўлмайди мен учун.

Симеоненинг трансферлари ҳақида фикр юритганимнинг сабаби шу ерда. Айнан шу нуқтада Купер учун терма жамоамиздаги асосий тўсиқ, асосий босим юзага келади. Клубда осон. Мураббий ўзига ёқмаган футболчини сотиб юборади ва ундан қутулади. Мухлислар ҳам, раҳбарият ҳам барча сўровни мавжуд таркибга биноан талаб қилишади.

Терма жамоада эса бошқача. Терма жамоада бироз мушкул. Терма жамоада собиқлар бўлмайди. Бутсасини михга илмаган ҳар қандай ўзбек футболчиси терма жамоамизнинг потенциал ўйинчиси сифатида қаралаверади. Куперга у ёқмаслиги, унинг услубига тушмаслиги мумкин, Купер уни таркибга умуман жалб қилмаслиги мумкин – аммо ушбу футболчининг босими мураббийни тарк этмайди. Муваффақиятсиз ўйинлар кетидан, натижалар кўнгилдагидек бўлмаётган пайтларда, бирор бир таркибдаги футболчи ўзини кўрсата олмаётган ҳар қандай даврда мухлислар ҳам, журналистлар ҳам ўша чақирилмаётган футболчи ҳақида сўрайверади.

Симеоне-ю Куперларнинг кўпроқ клубларга мос келишлари шундан, бундай қараш терма жамоада қандай оқибатларга олишини биргаликда кўришимиз керак бўлади. Кечаги ўйинларнинг яна бир фойдаси, бундай босимлардан қандай қутулиш мумкинлигини кўрсатиб берди – ғалаба қозон, яхши ўйин кўрсат, ҳеч ким сендан Денисов қаердалигини сўрамайди.

Қаҳрамон Асланов