Ди Мария Англияга қайтиши кутилмоқда
Oct. 16, 2018, 3:15 p.m. 5877

«ПСЖ» яримҳимоячиси Анхель Ди Мария катта эҳтимол билан Премьер-лигага қайтади. У 2014/15 йиллар мавсумини «Манчестер Юнайтед» либосида ўтказган эди.

Ди Мариянинг Париж клуби билан шартнома муддати шу мавсум охирида якунига етади. Mirror`нинг ёзишича, клуб аргентиналик аъзоси билан келишувни узайтириш ниятида эмас. Ўйинчининг ўзи эса Англияга қайтишни истамоқда.

Анхелнинг агентлари ўз мижозига ҳафтасига 200 минг фунт тўлай оладиган клуб Премьер-лигада топилади, деб ҳисобламоқда.

Аввалроқ ОАВда 30 ёшли хавбекка «Ювентус» қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ди Мария 2015 йилда «МЮ»дан «ПСЖ»га ўтган, унинг трансфер суммаси 63 миллион еврони ташкил этган эди. Жорий мавсумда у парижликларнинг 12 ўйинида майдонга тушиб, 6+3 маҳсулдорлик кўрсаткичини қайд этишга улгурди.