Қишки трансферлар вақтида топ-чемпионатларга йўл олиши мумкин бўлган 10 футболчи
Oct. 15, 2018, 5:55 p.m. 13936

Қишки трансферлар вақтида ҳам жиддий харидлар амалга оширилади. Бу вақтда футболчиларнинг нархи кўтарилиб кетади, чунки, клублар мавсумнинг биринчи қисмидаги йўқотишлари ўрнини тўлдириш пайига тушиб қолишади. Қуйида қишда топ-чемпионатларда пайдо бўлиши мумкин бўлган 10 футболчи кўриб чиқилади.

Андерсон Талиска - 24 ёш
Қаерда ўйнайди: «Гуанчжоу Эвергранд» («Бенфика»дан ижара асосида)
Қайси жамоага ўтиши мумкин: ким катта маош тўлашга рози бўлса.

Талискани «Манчестер Юнайтед»да кутишмоқда, у ўтган йил қишида «Рома»га ўтиши мумкин эди – аммо у ўшанда «Бешиктош»га йўл олди ва ажойиб мавсум ўтказди. Аммо ёзда Андерсон «Гуанчжоу»га ўтиб кетди. «Бешиктош» президенти бундан ҳайрон бўлмагани – Талискани фақат пул қизиқтириши ҳақида айтди.

Бразилиялик яримҳимоячи номи анча вақтдан буён топ-лигалар билан боғланмоқда. У майдонда кўп ишни бажара олади: тўпни ўзида олиб юриши, жарима зарбаларини ижро этиши, узоқ масофалардан ва бош билан дарвоза томон аниқ зарба бериши мумкин. Хитой Суперлигасида у 14 ўйинда 14 гол уриб, 2 голга ассистентлик қилди. Агар Европа клублари кўп муаммоларини битта трансфер орқали ҳал қилмоқчи бўлса, шу футболчини ўз таркибига қўшиб олиши керак бўлади.

Френки Де Йонг - 21 ёш
Қаерда ўйнайди: «Аякс»
Қайси жамоага ўтиши мумкин: «Барселона», «Манчестер Сити»

«Аякс» футболчиси бугунги кунда энг талабгир футболчига айланган. Амстердамликлар жамоаси уни ёзда таркибда сақлаб қолди ва жамоаси янги мавсумда ҳам кучли футбол намойиш этмоқда. Айни вақтда Френки Де Йонг жамоа моторига айланган. Бу 21 ёшли яримҳимоячини Хави ва Бускетсга қиёслашмоқда: Френки жамоанинг аниқ паслар узатиш борасидаги етакчи футболчиси, у рақиб ўйинини аниқ ўқий олади ва муваффақиятли ҳимояланади.

Маттейс Де Лигт 
Қаерда ўйнайди: «Аякс»
Қайси жамоага ўтиши мумкин: ҳар қандай топ-клубга мос келади

Маттейс – ёш, бўйчан ва аниқ пас узатувчи ҳимоячи. Де Лигт ҳали 19 ёшда бўлишига қарамасдан икки йилдан буён «Аякс»нинг асосий таркибида ўйнамоқда. У ўйинни ўқишга ҳаракат қилади, аммо баъзан унга концентрация етишмайди. Буни тўғрилаш учун унда вақт кўп – у ҳали ҳар қандай жамоа ҳимоячиси етакчиси бўлиш салоҳиятига, кейинги 10-15 йил давомида барқарор тўп суриш имкониятига эга. Унга айни вақтда «Барселона» ва «МЮ» клубларидан жиддий қизиқиш мавжуд. Футболчининг ўзи Испания чемпионатида тўп суришни истайди.

Давид Нерес - 21 ёш
Қаерда ўйнайди: «Аякс»
Қайси жамоага ўтиши мумкин: «Бавария» ёки қанот ҳужумчилари билан муаммоларга эга бошқа жамоалар

У «Аякс»нинг аъло даражадаги старти сабабчиларидан яна бири. Нересни бразилиялик ёш футболчилар орасида энг талантлилардан бири деб ҳисоблашмоқда ва Титедан уни терма жамоага чақиришни сўрашмоқда. Чемпионлар лигасининг 2-турида Нерес «Бавария»га қарши ўйинда ўзини яхши томондан кўрсатди. Мюнхенликлар жамоаси энди уни ўз таркибига қўшиб олиш ҳақида ўйламоқда – немислар жамоаси Франк Риберига ўринбосар топишлари керак.

Хуан Кинтеро - 25 ёшда
Қаерда ўйнайди: «Ривер Плейт»
Қайси жамоага ўтиши мумкин: қайси жамоага яримҳимоя чизиғида магия етишмаётган бўлса

Хуан Кинтеро Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида Колумбиянинг асосий етакчиси бўлди, ҳозирда эса «Ривер Плейт»ни Либертадорес Кубогида ғалаба томон олиб бормоқда. Унинг паслари ўйинни безайди, у жарима нуқтасидан кучли зарба билан рақиб дарвозабонини ожиз қолдириши мумкин. Икки йил муқаддам Кинтеро «Порту» захирасида қолиб кетганди, у энди Европага қайтиб, ўзининг ҳақиқий салоҳиятини намоён этишга тайёр.

Педро Абреу - 21 ёш
Қаерда ўйнайди: «Флуминенсе»
Қайси жамоага ўтиши мумкин: ким март-апрель ойларигача кутишга рози бўлса

Педро – Бразилия футболига хос бўлмаган марказий ҳужумчидир. Балки айнан у жаҳон чемпионатида Тите жамоасига етишмагандир. Педро жорий мавсумда Бразилия чемпионатининг 19 учрашувида майдонга чиқиб, 10 гол уришга улгурди ва унга Мадриднинг «Реал» клубидан таклиф келмоқда. Фақат у жароҳат олди ва энди фақат март ойига бориб майдонга тушиши мумкин. Аммо кимдир кутса ва таваккал қила олса, топ-форвардни қўлга киритиши мумкин.

Себастьян Коатес - 28 ёш
Қаерда ўйнайди: «Спортинг»
Қайси жамоага ўтиши мумкин: АПЛдаги топ-6дан ташқаридаги исталган жамоага

Себастьян «Ливерпуль»да ва «Сандерленд»да ўрнашиб қололмаганди. Аммо «Спортинг»да у ўз фаолиятини қайтадан бошлай олди. У ҳозирда жамоасининг энг яхши ҳимоячиси ва жисмоний формасини чўққисида. «Спортинг» шу ёзда асосий етакчиларидан айрилди, шу туфайли Коатес ҳам кетиш тараддудига тушган ва таклифлар кутмоқда.

Амаду Хайдара - 20 ёш
Қаерда ўйнайди: «Ред Булл Зальцбург»
Қайси жамоага ўтиши мумкин: «РБ Лейпциг»

Малилик Амаду Хайдаранинг тақдири «Ред Булл Зальцбург»нинг Европа Лигаси доирасида «Ред Булл Лейпциг»га қарши ўйинидан кейин маълум бўлганди. Бир компания ҳомийлигидаги икки клубнинг тўқнашувида Амаду «Лейпциг» яримҳимоясини ожиз қолдирди. Ўйиндан кейинги музокараларда эса бу ёш футболчи шу қишда Германияга кўчиб ўтиши масаласи муҳокама қилинди. Хайдарани Наби Кейта билан тенглаштиришмоқда ва уни жаҳоннинг энг яхши ёш футболчиси соврини учун даъвогарлар қаторига киритишмоқда.

Альфредо Морельос  - 22 ёш
Қаерда ўйнайди: «Рейнджерс»
Қайси жамоага ўтиши мумкин: ҳужум чизиғи секин ҳаракат қиладиган жамоа

Колумбиялик Альфредо –  кичик британ форвардларининг типик намунасидир. У тезкор, етарлича технар, бош билан ҳам яхши ўйнайди (бўйи пастлигига қарамасдан) ва жамоасининг биринчи ҳимоячиси бўлишга тайёр, у рақиб ҳужум бошлаётганида етарлича фаоллик кўрсатиб, ҳужумни бошидаёқ тўхтатиши мумкин. У ҳали 22 ёшда ва мавсум бошида 11+6 кўрсаткичини қайд этмоқда – уни «янги Фалькао» деб кўришмоқда.

Мейсон Маунт - 19 ёш
Қаерда ўйнайди: «Дерби Каунти» («Челси»дан ижарага олинган) 
Қайси жамоага ўтиши мумкин: «Саутҳемптон» ёки «Борнмут» даражасидаги клубга

Ўтган мавсумни Мейсон «Витесс»да ўтказган ва уни Лэмпард билан қиёслай бошлашганди. Бу мавсумда «Челси» Маунтни айнан Лэмпард бош мураббий бўлган «Дерби Каунти»га ижарага жўнатди. Фрэнк қўли остида бу йигитча янада очилмоқда: у чемпионшипнинг барча ўйинларида майдонга тушмоқда, у ҳозирча 3 гол урган ва бир голга узатма берган. У ҳозир ўзининг ностандарт ҳаракатлари билан жамоасига ёрдам бериб келмоқда, кўп ўтмай у топ-клублардан биридан таклиф олиши кутилмоқда.