Россия футболида қонунсиз ҳафта. Яна икки футболчи маст ҳолда автомобил бошқаргани учун қўлга олинди
Oct. 14, 2018, 10:17 p.m. 5539

Россиянинг Самара шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари «Крилья Советов» жамоаси футболчилари Евгений Башкиров ҳамда Георгий Тигиевни маст ҳолатда автомобил бошқаришгани учун тўхтатишган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги «Ночной патруль» жамоатчилик ҳаракати фаолларига асосланган ҳолда хабар берган.

Аввалига, 14 октябрга ўтар кечаси «Крилья Советов» яримҳимоячиси Евгений Башкировни маст ҳолатда автомобил бошқараётганида қўлга олганди. Унга нисбатан баённома тузилган.

14 октябрь куни кундузи эса шу жамоанинг яна бир аъзоси, ҳимоячи Георгий Тигиев маст ҳолатда қўлга олинган.

«Мэш» телеграм канали хабарига кўра, бу футболчилар бир зиёфатда бўлишган, аммо зиёфатдан турли вақтларда қайтишган.

НТВ телеканали хабарига кўра, Тигиевнинг қонидан амфетамин топилган, бу эса унга допинг учун дисквалификация хавфини солади.

«Крилья Советов» ФК матбуот хизмати «Интерфакс-Поволжье»га берган изоҳида, 13 ва 14 октябрь кунлари жамоанинг барча футболчилари учун дам олиш куни бўлгани, лекин вазият ўрганилиши айтилган.

Қайд этиш керакки, охирги 7 кун Россия футболи футболчилар билан боғлиқ шов-шувли хабарларга бой бўлди. Аввалига терма жамоа аъзоси, «Спартак» яримҳимоячиси Денис Глушаков 9 йиллик турмушидан кейин рафиқаси билан можароли тарзда ажрашаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Рафиқаси Дарья уни хиёнатда айблаганди. Дарья Глушакованинг адвокати айтишича, футболчи мулкини бўлишмаслик учун қонунга зид ҳаракатлар амалга оширган. Ажрим бўйича суд иши 16 октябрда бошланади.

Сентябрь ойи бошида Глушаков «Спартак» устози Массимо Карреранинг истеъфоси сўралган постга «лайк» қўйгани учун асосий таркибдан четлатилганди. 

Ўтган ҳафтада эса «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин ва «Краснодар» яримҳимоячиси Павел Мамаев билан боғлиқ можаро авж олди. Бу футболчилар 8 октябрь куни Москва марказида иккита жанжалли воқеа иштирокчилари бўлишганди. Улар аввалига Брест кўчасида «Первий канал» бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчисини калтаклашганди. Кейинроқ Никита бульваридаги кафеда Савдо ва саноат вазирлиги амалдори Денис Пакка ҳужум қилишган. Москва шаҳри полицияси уларга нисбатан Жиноят кодексининг 116-моддаси (калтаклаш) ва 213-моддасининг 2-қисми (Олдиндан келишилган ҳолда безорилик) бўйича жиноий иш очган.

Футболчилар айни вақтда қўлга олинган ва икки ой муддатга ҳибс қилинган. Бу футболчиларга 7 йилгача қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.