Месси «Барселона»ни бепул асосда тарк этиши мумкин, унга ўринбосар бор
Oct. 14, 2018, 5:01 p.m. 25766

«Барселона» раҳбарияти жамоа сардори Лионель Мессининг шартномаси масаласини яна кун тартибига олиб чиқди.

Куни кеча Mundo Deportivo нашри Каталония клуби раҳбарияти аргентиналик ҳужумчи билан 2022 ёки 2023 йилга қадар мўлжалланган янги битим имзолаш ҳаракатига тушганини маълум қилган эди. Унга кўра, ҳозирда мутасаддилар таклифнинг молиявий томонларини ишлаб чиқишмоқда. Музокаралар келаси йилдан бошланиши кутиляпти.

Ушбу манба томонидан тарқатилган навбатдаги хабарда айтилишича, Месси билан тузиладиган янги битимга асосан футболчи 2020 йилда клубни эркин агент сифатида бепул асосда тарк этиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Бунда фақат бир шарт қайд этилмоқдаки, унга кўра Мессининг янги жамоаси Европанинг топ-клуби бўлмаслиги керак.

Мессининг шартномаси ўтган йилнинг ноябрида ҳам янгиланиб, 2021 йил ёзига қадар узайтирилган энди. Ўшанда томонлар бу келишувни муддатидан олдин бекор қилиш суммаси 700 миллион евро бўлишига келишиб олишган.

Айни пайтда Football Espana нашри келтирган маълумотга кўра, каталонияликлар Леонинг 2020 йилда клубдан кетиши эҳтимоли йўқ эмаслигини ҳисобга олиб, баъзи бир режаларни тузиб қўйган.

Хусусан, «кўк-анорранглилар» Месси жамоани тарк этган тақдирда унинг ўрнига «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳни олиб келиш мумкин, деб ҳисоблашмоқда. Қўшимча сифатида ушбу футболчи Ла Лигада ўз кучини синаб кўриш истагида экани айтилмоқда.