ПФЛ Осиёда йилнинг энг яхши илҳомбахш лигаси бўлиши мумкин
Oct. 12, 2018, 12:59 p.m. 3081

Шу йилнинг 19-20 ноябрь куни Таиланднинг Бангкок шаҳрида Осиё спорт саноати конференцияси бўлиб ўтади. 

Осиё Футбол Конфедерацияси бу конференция якунида топшириладиган йилнинг энг яхши футбол лигаси мукофоти учун номзод мамлакатлар номини эълон қилди. 

Йилнинг энг яхши футбол лигаси 2та йўналиш бўйича танлаб олинади. Осиёнинг энг яхши илҳомбахш лигаси учун 10та номзод мамлакат ичидан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳам ўрин олди, деб хабар беради ЎФА. Номзодлар орасида Австралия, Хитой, Эрон, Япония, Жанубий Корея, Қатар, Саудия Арабистони, Таиланд, БАА ҳам бор.

Шунингдек, Осиёнинг энг яхши ривожланаётган лигаси номи учун 10та номзод мамлакат эълон қилинди. Бутан, Гуам, Ҳиндистон, Индонезия, Иордания, Қирғизистон, Филиппин, Сингапур, Тожикистон ва Вьетнам бу совринга даъвогарлик қилишади.  

Қайд этиш жоизки, энг яхши лига мақоми учун номзодлар ОФК томонидан ташкилий ишлар ва бошқарувни тўғри йўлга қўйиш, чемпионатни яхши савияда ўтказиш борасида қитъада бошқа лигалардан кўра яхшироқ натижа қайд этаётган мамлакатлар ичидан танлаб олинди.

Номзодлар танланишида асосан менежмент, маркетинг, молия, ўйинлар ташкилий томонлари ва уларнинг ОАВ томонидан кенг кўламда ёритилиши борасида ўсишга эришаётган ташкилотлар ютуқлари инобатга олинди.