Павел Мамаев 2 ойга ҳибсга олинди
Oct. 12, 2018, 12:05 a.m. 3210

Москва шаҳрининг Тверской суди «Краснодар» яримҳимоячиси Павел Мамаевни 8 декабрга қадар ҳибсда қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин ва унинг укаси Кирилл, шунингдек, «Краснодар» яримҳимоячиси Павел Мамаев Москвадаги қаҳвахоналардан бирида Минпромторг мулозими Денис Пак ва «НАМИ» ташкилоти раҳбари Сергей Гайсинни дўппослашган эди. Бу можародан бироз олдин эса «Первий канал» бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Жабрланганлар турли тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Бу иш юзасидан Москва полицияси ЖКнинг 213-моддаси (Безорилик) бўйича жиноят иши очди ва иштирокчиларни ҳибсга олди. Айбдорларга 7 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.

Бу иш бўйича ўтказилган дастлабки судда Павел Мамаев муштлашувда иштирок этмаганини, можарони ака-ука Кокоринлар бошлаганини айтиб, ўзини озодликда қолдиришни сўради. Айбловчи эса унинг пули ва танишлари туфайли, одил суддан яшириниш эҳтимоли борлиги сабабли, ҳибсда қолдиришни сўради. Суд айбловчининг талабини қондирди.

Аввалроқ, Москва шаҳрининг Тверской суди «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин ва унинг укаси Кириллни ҳам 8 декабрга қадар ҳибсда қолдирган эди.