«Олтин тўп» сўровномасида сохта иштирокчилар овоз бергани аниқланди
Oct. 12, 2018, 12:24 p.m. 13880

France Football нашри «Олтин тўп»ни ким олиши ҳақида мухлислар орасида сўровнома ўтказган эди.

Унинг дастлабки кунидаёқ 700 мингдан ортиқ ўқувчи овоз берди ва «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси 48% овоз тўплаб, биринчи бўлди. Шундан сўнг, France Football ўз сайтидан сўровномани олиб ташлади.

Бугун нашр вакиллари бунга изоҳ беришди.

«Зарарли дастурий таъминот орқали минглаб сохта аккаунтлар яратилган ва шулар орқали сўровномада овоз берилган. Шундан сўнг, сўровномани тўхтатишга мажбур бўлдик» - дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, бу сўровнома ғолибни аниқлаш жараёнига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Чунки, «Олтин тўп» эгаси махсус жюри ва мустақил журналистлар томонидан аниқланади.