ОАВ «Зенит»нинг Кокорин билан шартнома бўйича позициясидан хабар топди
Oct. 12, 2018, 4:46 p.m. 3750

Александр Кокорин икки жиноий иш бўйича икки ойлик қамоққа ҳукм қилинганига қарамай, «Зенит» билан шартномасини сақлаб қолиши мумкин. Бу ҳақда «Спорт Экспресс» хабар тарқатмоқда.

Футболчининг «Зенит» билан шартномаси муддати 2018-19 йилги мавсум якунига қадар тузилган. Бироз аввалроқ клуб футболчи билан шартномани узайтириш бўйича ҳаракатлар бошлаганди, аммо эндиликда унинг тақдири номаълум бўлиб қолаётгани туфайли, музокаралар тўхтаган.

Агар суд якунига кўра, у бир неча йиллик қамоқ жазосига ҳукм этиладиган бўлса, клуб у билан шартномани бекор қилишга мажбур бўлади.

Кокорин билан биргаликда 2 ой муддатга ҳибсга олинган «Краснодар» футболчиси Павел Мамаев эса суд қандай қарор чиқаришидан қатъи назар клубни тарк этади. Манба маълумотига кўра, краснодарликлар клуби раҳбари Сергей Галицкий футболчи иштирокидаги видеоёзувлардан қаттиқ ғазабланган ва у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича қатъий қарор қабул қилган.

«Краснодар» клуби раҳбарияти 9 октябрь куниёқ Россия футбол иттифоқининг Баҳсларни ҳал қилиш палатасига мурожаат қилиб, яримҳимоячи Павел Мамаев билан шартномани бекор қилинишини сўраган.

8 октябрь куни Мамаев ва «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин Москвадаги қаҳвахоналардан бирида Минпромторг мулозими Денис Пак ва «НАМИ» ташкилоти раҳбари Сергей Гайсинни дўппослашган. Бу можародан бироз олдин эса «Первий канал» бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Жабрланганлар турли тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Ҳар иккала ҳолат бўйича жиноят иши очилган эди. Футболчиларга 7 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.