Насри АПЛга қайтиши мумкин
Oct. 12, 2018, 2:54 p.m. 3980

«Манчестер Сити» ва «Арсенал» клубларининг собиқ яримҳимоячиси Самир Насри «Эвертон» қизиқиш доирасига тушган, деб хабар тарқатди Daily Mail.

Манбага кўра, ҳозирда эркин агент мақомига эга 31 ёшли футболчи номзодини мерсисайдликлар бош мураббийи Марко Сильва ўрганиб чиқмоқда. Мутахассис Насрининг келиши билан жамоанинг ярим ҳимоя чизиғида рақобатни кучайтиради. Бу, айниқса Ришарлисон ва Гильфи Сигурдссонга тааллуқли.

Эслатиб ўтамиз, Самир Насри антидопинг қоидаларини бузганлиги, аниқроғи антидопинг ташкилотига хабар бермасдан қон қуйиш амалиётини ўтказгани учун УЕФА томонидан вақтинча футболдан четлатилган. Унинг дисквалификация муддати 1 ноябрда ниҳоясига етади.

Франция терма жамоасининг собиқ аъзоси 2008-2012 йилларда «Арсенал», 2012-2017 йиллар мобайнида «Манчестер Сити» шарафини ҳимоя қилган. У «шаҳарликлар» таркибида икки карра Англия чемпиони бўлган, Англия кубоги ва Лига кубогида бир мартадан бош соврин соҳибига айланган.