КХДР термаси бош мураббийи: «Осиё кубогида чорак финалга чиқишни мақсад қилганмиз»
Oct. 12, 2018, 6:19 p.m. 1989

КХДР – Ўзбекистон ўртоқлик учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида меҳмонлар мураббийи Ким Ёнг Жун ва ҳужумчи Жонг Ил Гван иштирок этди.

«Эртанги баҳс Осиё кубогига тайёргарлик доирасидаги илк ўйин бўлади. Терма жамоамиз бу йил ҳисобидан фақат битта учрашув ўтказди – март ойида Осиё чемпионати саралаши ўйинида Ҳонгконгга қарши майдонга тушган эдик.

Йил давомида кам ўйин ўтказганимизнинг сабаби – футболчилар ўз клубларида ҳам халқаро даражада етарлича ўйин амалиётига эга бўлишяпти. Клубларимиз ОФК кубогида иштирок этишди. Қолаверса, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Шарқий Осиё кубоги ҳам бор. 

Рақибни имкон қадар ўрганишга ҳаракат қилдик. Ўзбекистон термасининг ФИФА рейтингидаги ўрни биздан анча юқори. Бу жамоа билан охирги икки ўйинимиз Жаҳон чемпионати саралаши доирасида бўлган эди. Ўшанда ўз майдонимизда ғалаба қозониб, Тошкентда мағлубиятга учраган эдик.

Натижани муҳим эмас, дея олмайман. Чунки у жамоа руҳиятига таъсир кўрсатади. Эртанги ғалаба Осиё кубогини яхши кайфиятда бошлашимизга ёрдам бериши мумкин.

Осиё чемпионатида қитъамизнинг энг кучли жамоалари қатнашади. Биз ўз имкониятимизни чамалаган ҳолда чорак финалга чиқишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз», - дея фикр билдирди Ким Ёнг Жун.

КХДР терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар, Швейцария Суперлигасининг «Люцерн» клуби аъзоси Жонг Ил Гван ўйин олди фикрлари ва қандай қилиб Европа клубига ўтишни уддалагани ҳақида гапириб ўтди.

«Жамоамиз номидан шуни таъкидлай оламанки, олдиндаги баҳсда биз якдил жамоа сифатида имкон қадар яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Швейцария клубига йўл олишим терма жамоада кўрсатган ўйинларим билан боғлиқ. Мен турли ёшдаги термаларда тўп суриб келдим. Ўтган йили декабрда Японияда бўлиб ўтган Шарқий Осиё чемпионатида учта гол киритганимдан сўнг бу клубдан таклиф олдим. Менимча, швейцарияликлар шу ўйиндан кейин менга қизиқиб қолишган», - дея таъкидлади Жонг Ил Гван.

Маълумот учун, 25 ёшли ушбу ҳужумчи 2010 йилда ОФК томонидан Осиёда йилнинг энг яхши ёш футболчиси дея эътироф этилган. У Шарқий Осиё чемпионатининг саралаш ва финал босқичларида 3 та гол урган. Хусусан, КХДРнинг сўнгги ўйини – март ойидаги Ҳонгконгга қарши баҳсда жамоасининг ягона голига муаллифлик қилган эди. Умуман, унинг терма жамоадаги голлари сони 18 тани ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2018 саралашининг иккинчи босқичида Шимолий Корея ва Ўзбекистон терма жамоалари бир гуруҳдан ўрин олган эди. 2015 йил июнь ойида корейслар майдонига сафар қилган Ўзбекистон 2:4 ҳисобида мағлубиятга учраган, ўша йилнинг ноябрида Тошкентда ўтган жавоб баҳсида мезбонлар 3:1 ҳисобида ғолиб чиққан эди. Дастлабки ўйинда КХДР 4-дақиқада, Тошкентда баҳсда эса 2-дақиқадаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлган.

Якунда Ўзбекистон гуруҳ етакчиси сифатида БАА-2019 йўлланмасини қўлга киритган, Шимолий Корея эса иккинчи ўрин билан саралашнинг учинчи раундига йўл олган эди. Қўшимча саралашдан сўнг жамоа Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритган. 

Маҳаллий мураббий Ким Йонг Юн жамоаси келаси йил бошида бўлиб ўтадиган қитъа чемпионатида Саудия Арабистони, Қатар ва Ливан термалари билан бир гуруҳдан ўрин олган.

Қўшимча қилиш жоиз, КХДР ФИФА рейтингида 109-ўринда бормоқда. Ўзбекистон терма жамоаси эса 96-ўринда қайд этилган.