«Динамо» Про-лигада 9 жамоа ичида 5-ўринда. Вилоят ҳокими клубдаги ҳолатни танқид қилди
Oct. 12, 2018, 11:07 a.m. 1953

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов «Динамо» профессионал футбол клуби раҳбарияти ва футболчилари билан учрашди.

Учрашувда «Динамо» клубининг бугунги натижалари таҳлил қилинди. Жумладан, клубни молиялаштириш манбалари, футболчиларга тўланаётган маошлар ва мукофот пулларининг ўз вақтида тўланишини назорат қилиш, клуб бошқарувини самарали ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.

«Рақобатбардош футбол жамоаси барпо этиш учун катта пул керак бўлади. Аммо биз маҳаллий истеъдодлардан иборат жамоани туза олсак, пул ҳам иқтисод бўлади, жамоа ҳам чиройли ўйин кўрсатади. Лекин вилоят ҳокими ва вилоят футбол федерациясининг раҳбари сифатида таъкидлашим керакки, бугунги жамоа миллиардлаб пулни сарфлаб, 9та жамоа ичида 5-ўринда бораётгани, яна 300-400 миллионлаб қарзи бўлиши биз самарқандликларни қаноатлантирмайди», — дея Эркинжон Турдимовнинг сўзларини келтирмоқда «Kun.uz» мухбири.

«Намуна сифатида вилоятнинг иккинчи жамоаси — «Шердор» футбол клубини кўрсатишим мумкин. Биз бу футбол клубига мукофот сифатида 500 миллион сўм берамиз. Чунки бу жамоада маош олмасдан маҳаллий футболчилар шижоат билан футбол ўйнашмоқда, курашмоқда. Бу жамоада фидойилик уфуриб турибди», — деди вилоят ҳокими.

«Динамо» клубининг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқишимиз керак. Биринчидан, шундай жамоа бошлиғи бизга керакми, футболни қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фондининг шундай раҳбари керакми, бизга вилоят футбол федерациясининг шундай вице-президенти керакми? Шунинг учун буларнинг барчасини ўрганиб, хулосасини берувчи махсус комиссия тузилади», деган Турдимов.

«Динамо» жамоасининг келгуси йил Суперлигага чиқариш учун қандай йўналишда иш олиб боришимиз керак? Тузиладиган ишчи гуруҳга фан-клубдан ҳам аъзо олиш керак, бундай ишчи гуруҳ футболни тушунадиган одамлардан иборат бўлиши керак. Клубнинг аниқ сметаси ишлаб чиқилиши лозим.

Футбол клуби жамоа бошлиғи Илҳом Шарипов ҳам клуб сметасининг тузилиши борасида ўз фикрларини билдириб ўтган.

«Динамо» бош мураббийи Даврон Файзиев сўзга чиқиб, жамоани шуғуллантириш учун шаҳарда етарли имкониятлар йўқлиги, футбол ўйнаш ва машғулотлар олиб бориш учун фақат «Динамо» стадионининг чими яроқли экани ҳақида гапирди. Клубнинг сафар ўйинларига бориб келиши учун эскирган автобусдан фойдаланилаётгани айтилди.

«Динамо» клубидан бир умр миннатдорман, футболчи сифатида юксалишимда ҳам бу клубнинг ҳаётимда тутган ўрни беқиёс. Мени машҳур қилган клубни мен ҳам машҳур қилишни ўйлаб бу ерга келганман», — деди Даврон Файзиев.

Динамо фан клуби аъзолари ҳам сўзга чиқиб, клубни ривожлантириш учун нималар қилиниши кераклиги ҳақида ўз фикрларини вилоят ҳокимига билдиришди. Жумладан, фанатлардан бири клуб раҳбариятини тўлиқ ўзгартириш кераклигини таъкидлади.

Клуб матбуот котиби Усмон Ибодов клубда маркетинг ва менежментни ривожлантириб пул топиш, жумладан, чипталар сотувидан тушадиган суммани клуб эҳтиёжи учун сарфлаш, шунингдек, клуб атрибутикалари савдосини ташкил этиш орқали қўшимча даромад топиш масалаларига ҳам эътибор қаратилиши лозимлигини айтиб ўтди.

Клуб сардори Илҳом Юнусов учрашув учун клуб футболчилари номидан миннатдорчилик билдириб, «футболчи бўлганимдан буён вилоят ҳокими келиб футболчилар билан учрашаётганига биринчи марта гувоҳ бўлаяпман», деб таъкидлади.

«Шердор» футбол клуби бош мураббийи Бахтиёр Сатторов Гулобод қўрғонидаги ташландиқ ўйингоҳлардан бирида маҳаллий ёшлар ва «Шердор» футбол клуби фойдаланиши учун сунъий қопламали майдон қурилишида вилоят ҳокимидан амалий ёрдам сўради.

Учрашувда жумладан «Динамо» футбол клубининг расмий ўйинларини ўтказиши учун шаҳардаги стадионлардан қай бирини танлаш, клуб қароргоҳи, машғулотлар базасини замонавий қилиб таъмирлаш масалалари ҳам муҳокама этилди. Клубга молиявий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Футболчиларнинг ойлик ва мукофотлари узилишсиз тўланиши белгиланди.

Учрашув сўнгида вилоят ҳокимига «Динамо» футбол клубининг футболкаси эсдалик учун топширилди.

Эркинжон Турдимов хорижлик меҳмонлар билан учрашуви борлигини айтиб, тушдан кейин албатта яна клуб билан танишишда давом этишини билдириб ўтди.

Бизга кейинроқ маълум бўлишича, шу куни «Динамо» футбол клубига янги, энг замонавий автобус ажратиш масаласи ҳал этилган. Шунингдек, клуб футболчилари истиқомат қилувчи қароргоҳига ҳамда машғулотлар базаси масалаларида таклиф этилган жойларга вилоят ҳокимининг шахсан ўзи борган ва аҳвол билан танишган. Уларнинг ичида энг қулайини танлаш борасида мутасаддиларга керакли кўрсатмалар берилган.

Маълумот учун, айни вақтда Про-лигада (Қуйи лига) иштирок этаётган «Динамо» «A» гуруҳида 26 турдан кейин 37 очко тўплаган ҳолда бешинчи ўринда бормоқда. Самарқандликлар жамоаси «Андижон» (48), «Машъал» (48), «Истиқлол» (48) ва «Сурхон» (44) жамоаларидан ортда қолган.