Жардим «Монако»даги 4 йиллик фаолиятидан сўнг истеъфога кетди
Oct. 11, 2018, 5:03 p.m. 1949

«Монако» бош мураббийи Леонардо Жардим ўз лавозимини тарк этди. Клуб расмий сайти португалиялик мутахассис билан шартнома бекор қилинганини маълум қилди.

44 ёшли мураббий 2014 йил июнидан буён монегасклар жамоасига устозлик қилиб келаётган эди. У дастлабки икки мавсумида биринчи дивизионнинг учинчи ўрнини эгаллаган, 2016/17 йиллар мавсумида олтин, 2017/18 йиллар мавсумида эса кумуш медал соҳиби бўлган эди. У, шунингдек, клубни Чемпионлар лигаси ярим финалига ҳам етаклаб борди.

Ушбу мавсумда «Монако»нинг ишлари юришмаяпти. Жамоа 9 та турдан сўнг 6 очко билан 18-ўринни эгаллаб турибди. Умуман, клуб мавсум стартидан буён 11 та ўйин ўтказиб, фақат бир маротаба ғалаба қозонди.

Матбуотдаги хабарларга қараганда, унинг ўрнини франция мураббий Тьерри Анри ёки итальян мутахассиси Клаудио Раньери эгаллаши мумкин.