Терри расман мураббийлик фаолиятини бошлади
Oct. 11, 2018, 7:56 a.m. 3793

7 октябрь куни бутсаларини михга илганини эълон қилган собиқ ҳимоячи Жон Террининг «Астон Вилла» мураббийлар штабига кириши ҳақидаги хабарлар тасдиқланди.

Бирмингем клуби ўтган мавсумни ўз таркибида ўтказган Терри бош мураббий Дин Смитга ёрдамчи сифатида иш бошлашини расман эълон қилди. Клуб, шунингдек, спорт директори лавозимига Хесус Гарсия Питарх тайинланиши ҳақида маълум қилган. Ушбу мутахассис аввалроқ «Валенсия» ва «Атлетико» клубларида худди шу лавозимда ишлаган.

37 ёшли Терри 1998-2017 йилларда «Челси»нинг асосий жамоасида ўйнаб келган, шундан сўнг бир мавсум «Астон Вилла» шарафини ҳимоя қилган (36 та ўйин ва 1 та гол). У Англия чемпионати ва кубогида 5 мартадан, Англия лига кубогида 3 марта ғолиб чиққан. Шу билан бирга, Терри Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси бош совринини ҳам қўлга киритган.

Аввалроқ «Астон Вилла» устози Дин Смитнинг ўрнига Бельгия терма жамоасининг ёрдамчи мураббий Тьерри Анри тайинланиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалган эди. Клуб Чемпионшипда 12 турдан сўнг 15-ўринни эгаллаб турибди.