Погба ЖЧ-2018да чемпион бўлган барча жамоадошларига бриллиант қадалган узук совға қилмоқчи
Oct. 11, 2018, 9:39 a.m. 1875

Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси Поль Погба жамоадошларига ЖЧ-2018 даги чемпионлик учун ўзига хос совға тайёрламоқда.

ESPN нашрининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, совға – қимматбаҳо узук бўлиб, у бриллиант бириктирилган кўк зумрад ва қизил ёқут тошлардан иборат бўлади. Тақинчоқни АҚШда ясаш мўлжалланмоқда.

Совғанинг нархи ҳақида маълумот йўқ, аммо уни Лос Анжелесдан Парижга олиб келиш учун 10 минг доллар сарфланади. Етказиб бериш харажатини Франция футбол федерацияси президенти Ноэль Ле Гре ўз зиммасига олган.

Қайд этилишича, Погба ва ҳужумчи Антуан Гризманн ушбу ғоя муаллифлари ҳисобланади. Ушбу икки футболчи ҳам Шимолий Американинг Миллий Баскетбол Ассоциацияси (NBA) ўйинларининг ашаддий мухлиси бўлиб, ушбу лига жамоалари орасида чемпион бўлган жамоага узук совға қилиш кенг тарқалган анъана ҳисобланади.

ФФФ чемпион ўйинчиларга қимматбаҳо узукларни топшириш учун махсус маросим ташкил этиши мумкин.