Манчини: «Ғалаба қозонолмаётганимиз жонимга тегди»
Oct. 11, 2018, 10:30 a.m. 3362

Италия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Манчини Украинага (1:1) қарши ўртоқлик ўйинидан сўнг, ўз фикрларини баён қилди.

«Скуадра Адзурра» сўнгги 10та ўйинда атиги 1 марта ғалаба қозонган эди.

«Биз вазиятлардан фойдаланишда совуққон бўлишимиз лозим, чунки ғалабани голлар келтиради. Ҳисобни очиш учун бор кучимиз билан уриндик, Украина эса иккинчи зарбасини голга айлантирди. Афсуски, ҳозирги кундаги вазият шунақа ва биз бунинг устида ишлашимиз лозим.

Ғалаба қозона олмаётганимиз худди бошқалар сингари менинг ҳам жонимга тегди. Бироқ ижобий ҳолатлар ҳам бор - баъзи вақтларда яхши футбол намойиш қилмоқдамиз. Бу ўртоқлик ўйини эди. Умид қиламанки, якшанба куни ғалаба қозонишни бошлаймиз.

Жамоа ғалаба қозонмаса, мухлисларнинг кайфияти тушади, аммо истеҳзоларга эътибор бермаслигимиз лозим. Агар яна бир гол урганимизда, ҳамманинг кўнгли чоғ бўларди. Муаммо фақат натижада бўлмоқда»,— деб Манчини сўзларини келтирмоқда Football Italia.