Кокорин ва Мамаев полиция маҳкамасидаги тунги сўроқ ҳақида гапириб беришди
Oct. 11, 2018, 8:50 p.m. 5234

«Зенит» ва «Краснодар» футболчилари Александр Кокорин ва Павел Мамаев вақтинча ҳибсга олинганидан сўнг, дастлабки интервьюни бердилар.

Футболчиларни 10 октябрь куни кечқурун полиция маҳкамасига олиб келишган эди. Шундан сўнг, сўроқ тунги соат 3-4 ларгача давом қилган.

«Сўроқ тунги соат 3-4гача давом қилди», — деди Мамаев ва тергов ҳаракатларининг тунда ўтказилишига рози бўлганини тасдиқлади.

«Бунга эътирозим йўқ. Сўроқ узоқ вақт давом этди. Ҳеч нарсани яширмадим. Ахир бирор нарсани инкор қилиб бўлармиди? Учта ҳолат бўйича сўроқ қилиндим. Тўғрисини айтсам, ўзимни жуда аҳлоқсиз тутган эдим. Ҳаммасига ўзимиз айбдормиз. Сўроқдан кейин қон таҳлилини топширдик. Гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилмагандик», — деди Мамаев.

Ўз навбатида Кокорин тунги сўроққа розилик бермагани, аммо бунга қарши эмаслигини айтди.

«Жуда ҳам ошириб юборишди. Биз фақат пиво ичдик. Ҳаммаси футбол ўйинидан кейин, уйқусиз тундан сўнг юз берди... Негадир бизни туни билан автозакда шаҳар бўйлаб олиб юришди. Жуда ҳам афсусдаман. Спортни тарк этмоқчи эмасман, умид қиламанки, ҳеч ким мени четлаштирмайди», - деди у.

Шунингдек, Кокорин Минпромторг мулозими Денис Пакни стул билан урган вазиятга изоҳ берди.

«У одам мени ҳақорат қилди, акс ҳолда ўзимни бундай тутмаган бўлардим. Аммо видеода у билан орани очиқ қилганимиз, охирида қўл бериб кўришганимиз ҳам бор. Буни гувоҳлар ҳам тасдиқлашди» - деди Кокорин.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни ҳар иккала футболчи Москвадаги қаҳвахоналардан бирида Минпромторг мулозими Денис Пак ва «НАМИ» ташкилоти раҳбари Сергей Гайсинни дўппослашган эди. Бу можародан бироз олдин эса «Первий канал» бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Жабрланганлар турли тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Бу иш юзасидан Москва полицияси 213-модда (Безорилик) бўйича жиноят иши очди ва футболчиларни 48 соатга ҳибсга олди. Уларнинг ўз айбига иқрор бўлгани айтилди. Ҳар иккала футболчига 7 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.