Кокорин 2 ойга ҳибсга олинди
Oct. 11, 2018, 11:13 p.m. 2654

Москва шаҳрининг Тверской суди «Зенит» ҳужумчиси Александр Кокорин ва унинг укаси Кириллни 8 декабрга қадар ҳибсда қолдирди.

Футболчининг ўзи суддан кичкина ўғли борлиги учун озодликда қолдиришини сўраган эди. Аммо, прокурор унинг ижтимоий хавфли фуқаро эканини, бундан ташқари, пули ва танишлари орқали гувоҳларга таъсир ўтказиши мумкинлигини инобатга олиб, қамоқда қолдиришни сўради. Суд айбловчининг талабини қондирди.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни ака-ука Кокоринлар ва «Краснодар» яримҳимоячиси Павел Мамаев Москвадаги қаҳвахоналардан бирида Минпромторг мулозими Денис Пак ва «НАМИ» ташкилоти раҳбари Сергей Гайсинни дўппослашган эди. Бу можародан бироз олдин эса «Первий канал» бошловчиси Ольга Ушакованинг ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Жабрланганлар турли тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Бу иш юзасидан Москва полицияси 213-модда (Безорилик) бўйича жиноят иши очди ва иштирокчиларни ҳибсга олди. Айбдорларга 7 йиллик қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.