КХДР терма жамоаси Тошкентга етиб келди
Oct. 11, 2018, 3:22 p.m. 4054

13 октябрь, шанба куни Ўзбекистон терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушадиган Корея Халқ Демократик Республикаси делегацияси Тошкентга етиб келди.

Бош мураббий Ким Йонг Юн Тошкентга 22 нафар футболчини олиб келган. Кореяликлар Тошкентдаги “Windham” меҳмонхонасига жойлашишди.

Ўзбекистонга қарши учрашув шимоллик корейслар учун 2018 йил ҳисобидан иккинчи ўйин бўлади. Жамоа шу йилнинг 27 март куни Пхеньянда Ҳонгконг терма жамоаси билан Осиё кубоги саралаш баҳсини ўтказган ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

Эслатиб ўтамиз, Осиё кубоги – 2019 саралашининг иккинчи босқичида Шимолий Корея ва Ўзбекистон терма жамоалари бир гуруҳдан ўрин олган эди. 2015 йил 16 июнда корейслар майдонига сафар қилган Ўзбекистон 2:4 ҳисобида мағлубиятга учраган, ўша йилнинг 12 ноябрида Тошкентда ўтган жавоб баҳсида мезбонлар 3:1 ҳисобида ғолиб чиққан эди. Дастлабки ўйинда КХДР 4-дақиқада, Тошкентда баҳсда эса 2-дақиқадаёқ ҳисобни очишга муваффақ бўлган.

Якунда Ўзбекистон гуруҳ етакчиси сифатида БАА-2019 йўлланмасини қўлга киритган, Шимолий Корея эса иккинчи ўрин билан саралашнинг учинчи раундига йўл олган эди. Қўшимча саралашдан сўнг жамоа Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритган. 

Маҳаллий мураббий Ким Йонг Юн жамоаси келаси йил бошида бўлиб ўтадиган қитъа чемпионатида Саудия Арабистони, Қатар ва Ливан термалари билан бир гуруҳдан ўрин олган.

Маълумот учун, КХДР ФИФА рейтингида 109-ўринда бормоқда. Ўзбекистон терма жамоаси эса 96-ўринда қайд этилган.