Италия термаси деярли 100 йил олдинги салбий натижасини такрорлаяпти
Oct. 11, 2018, 9:55 a.m. 1102

Италия терма жамоаси ўртоқлик учрашувида Украина билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди ва ўз майдонидаги ғалабасиз ўйинлари сериясини бештага етказиб қўйди.

Украина билан ўйинга қадар «скуадра адзурра» Италияда Миллатлар лигасининг Польшага қарши кечган ўйини (7 сентябрь) ва Голландия билан ўртоқлик баҳсида (4 июнь) ҳам 1:1 ҳисобини қайд этганди. Жамоа ундан олдин ЖЧ-2018 саралаши доирасида Швеция билан 0:0 ўйнаган (13 ноябрь, 2017 йил) ва Македония билан дурангга имзо чекканди (1:1, 6 октябрь, 2017 йил).

Жаҳоннинг 4 карра чемпиони ҳисобланувчи итальянлар охирги марта 93 йил олдин, 1923-1925 йиллар мобайнида ўз майдонларида кетма-кет бешта ўйинда ғалаба қозона олмаган эди.

28 май куни Саудия Арабистонига қарши кечган ўйинда Италия рамзий мезбон сифатида тўп сурган, ўйин Швейцариянинг Санкт-Галлен шаҳрида бўлиб ўтган эди (2:1).

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Италия 60 йил ичида илк марта мундиал финал босқичига чиқа олмаган эди.