Ўзбекистон терма жамоаси машғулотларидан репортаж. Таркибда ўзгаришлар бор
Oct. 10, 2018, 10:27 p.m. 10208

Ўзбекистон терма жамоаси 6 октябрдан буён бошлаб Тошкентда навбатдаги йиғинига киришган. Эктор Купер бошчилигидаги иккинчи йиғин 17 октябрга қадар давом этади. Таркиб «City Palace» меҳмонхонасида истиқомат қилмоқда, майдондаги машғулотлар Тошкент темир йўл муҳандислари институти стадионида ўтказиляпти.

10 октябрь куни терма жамоа тўлиқ таркибда тайёргарлик олиб борди. Кеча охирги бўлиб жамоа сардори Одил Аҳмедов етиб келган.

Бугун йиғинга, шунингдек, Ислом Тўхтахўжаев ҳам қўшилди. «Локомотив» ҳимоячиси биринчи кунги машғулотларда жароҳат олган «Пахтакор» сардори Шерзод Аъзамов ўрнига таркибга жалб этилган.

Аъзамовдан ташқари, 6-9 октябрь кунлари дарвозабонлар Элдор Суюнов ва Ботирали Эргашев ҳам жароҳатланган ва йиғинни тарк этган. Улар ўрнига ОГМК посбони Роман Абдулов таркибга жалб этилган.

Булардан ташқари, хужумчи Ҳусниддин Ғофуровда ҳам енгил шикастланиш бор, у ҳозир тикланиш босқичини ўтамоқда.

Эслатиб ўтамиз, 13 октябрь куни КХДР, 16 октябрда Қатар терма жамоалари Тошкентда меҳмон бўлади. Ҳар иккала ўртоқлик ўйини ҳам «Миллий» стадион мезбонлик қилади.