Самарқанд вилояти ҳокимлиги қошида футболни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди
Oct. 10, 2018, 3:45 p.m. 1015

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов “Динамо” стадионида “Динамо” футбол клуби аъзолари билан учрашув ўтказди. Учрашувда футбол клубини ривожлантириш борасида ўзаро фикр алмашилди.

Вилоят ҳокимининг Facebook`даги расмий саҳифасида айтилишича, учрашувда бош мураббий Даврон Файзиев, жамоа сардори Илҳом Юнусовлар сўзга чиқиб, жамоанинг мамлакат чемпионатидаги иштироки ҳақида сўз юритишди ва тайёргарлик жараёни, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ўз таклифларини билдиришди. Файзиев чемпионатни муносиб тарзда ўтказиб жамоа мухлисларини ҳурсанд қилиш асосий мақсад эканлигини билдирди.

Шунингдек, учрашувда клуб директори Шуҳрат Хатамов, федерация ижрочи директори Шуҳрат Сайфуллаев, фан-клуб аъзолари Дилшод Жалилов, Муродулла Қаршиев ва бошқалар ўз таклифларини билдиришди.

«Учрашув якунида миллионлар ўйини футболни вилоятда янада ривожлантириш, «Динамо» футбол клуби моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш борасида аниқ режаларни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилди ҳамда гуруҳ фаолияти вилоят ҳокимлиги томонидан назорат қилиб борилишига келишилди», дейилган хабарда.